Рио Олимпиадасида юртимиз номини дунёга ёйган, медаллар рейтингида юқорироқ жойлашишимизга сабаб бўлган бокс бу сафар бироз оқсаётгандек кўринмоқда. Ҳар ҳолда, 11 боксчидан 6 таси чорак финалга ҳам чиқа олмаслиги биз учун сенсация. Балки авлодлар алмашинуви ўз таъсирини кўрсатаётгандир. Бугун Ўзбекистон делегацияси таркибида Токиога йўл олган бокчиларимизнинг умумий натижалари билан таништириб ўтамиз:

Олимпиадани тарк этганлар:

Биринчи бўлиб, -69 кг вазн тоифасида курашга қўшилган Шаҳноза Юнусова польшалик Каролина Кошевская қаршилигини синдира олмади ва турнирни 1/16 финал босқичидаёқ тарк этишда мажбур бўлди. Ҳаммаси ўша жангдан кейин бошланди...

Оғир вазн тоифасида рингга кўтариладиган боксчимиз Санжар Турсунов ҳам ўз юришини биринчи босқичдаёқ тўхтатди. 22 ёшли спортчи ўзининг илк Олимпиадасида жазоирлик Абделхафид Бенчабалага мағлуб бўлди ва турнирни эрта якунлашга мажбур бўлди.

Олтин медаль учун асосий даъвогарлардан бири Миразизбек Мирзахалилов кутилмаганда мағлубиятга учради. Ирландия шарафини ҳимоя қилаётган Курт Уокерга қарши жангда ҳакамлар эътирозли қарорлар билан рақиб ғалабасини қайд этди. Беллашув Уокернинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Олимпия ўйинларини тарк этган 4-боксчимиз, -81 кг вазнга эга Дилшод Рўзметов қолган жамоадошларидан фарқли ўлароқ, биринчи босқичдан муваффақиятли ўтганди. Ирландиялик Эммет Бреннанга қарши кечган баҳс вакилимизнинг тўлиқ устунлиги билан якунланди. Аммо нимчорак финалда асли кубалик бўлган Озарайжон делегацияси аъзоси Альфонсо Домингес Рўзметовни мусобақадан чиқариб юборди.

Қизлар боксида Турсуной Раҳимова биринчи босқични польшалик Сандра Драбикка қарши ўтказди ва ишончли ғалабага эришди. Медаль сари дадил одимлаган Раҳимова Туркия вакили Бусе Наз Чақирўглу билан жангда катта қийинчиликка дуч келди ва ҳакамларнинг қарорига кўра, 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

-75 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Фанат Қаҳрамонов ҳам Токио Олимпиадасини муваффақиятли бошлаганди. Грузиялик Георгий Харабадзени очколар ҳисобида енггиб, кейинги босқичга чиққан Фанат “бокс эл-классикоси”да Абилхан Аманкулга ютқазди. 

Турнирни тарк этган боксчиларимиз дилни қанчалик хира қилган бўлса, ўз юришини давом эттираётган спортчиларимиз шунчалик хурсанд қилмоқда. Боиси, ҳали бизда Токио Олимпиадаси чемпиони бўлиш учун даъвогарлик қилаётган боксчилар етарли. 

Олимпиадада юришини давом эттираётганлар:

Ўтган сафарги Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлган Шаҳобиддин Зоиров бу сафар ҳам чемпион бўлиши кутилмоқда. Биринчи жангида туркиялик Батухан Чифтчини турнирдан чиқариб юборган вакилимиз энди Каба Верде шарафини ҳимоя қилаётган Даниель Давидни синовдан ўтказиб кўради. Маълумот учун, Шаҳобиддинда икки Олимпиада олтин медалини қўлга киритган илк боксчи сифатида Ўзбекистон тарихига кириш имконият бор.

-63 кг Элнур Абдураимов монголиялик Баатарсух Чинзориг билан кечган биринчи босқич беллашувида бироз қийинчиликка дуч келди. Аммо энди бунақаси бўлмаслиги лозим. Уни тожикистонлик Баҳодур Усмоновга қарши жиддий беллашув кутиб турибди.

Катта умидлар билдирилаётган Бобоусмон Ботуров ҳам биринчи жангини муваффақиятли ўтказди. -69 кг вазнда иштирок этаётган ҳамюртимизнинг илк рақиби Доминикан Республикасидан ташриф буюрган Эмилиано Поланко бўлди. Бир темпда кечган жангни Ботуров ишонч билан ўз фойдасига ҳал этди. Кейинги баҳс Буюк Британия вакили Пэт МакКормакка қарши кечади. Биз Бобоусмондан фақат ғалаба кутамиз.

Токио Олимпиадасида Ўзбекистон байроқдори, олтин медаль учун асосий даъвогар Баҳодир Жалолов 29 июль куни баҳсларга киришди. +91 кг вазнга эга спортчимиз Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган Муҳаммад Абдуллаевни катта фарқ билан доғда қолдирди чорак финалга йўл олди. Унга ярим финал остонасида ҳиндистонлик Сатиш Кумар рақиблик қилади.

Токио Олимпиадасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган сўнгги боксчимиз Райхона Қодирова 30 июль куни ўз юришини бошлайди. -57 кг вазн тоифасидаги спортчилар беллашувида вакиламизга Конго Демократик Республикасидан ташриф буюрган Наоми Юмба рақиблик қилади.

Кўриб турганингиздек, аҳвол ҳавас қиларли даражада эмас. Катта умидлар билан Токиога кузатиб қўйилган делегация ишончни у қадар оқлай олмаяпти. Бироқ Риода спортчиларимиз сўнгги кунларда анча фаоллашиб қолгани ва медаллар жамгаришда яхши натижалар қайд этганини иноюатга олсак, умид қилишимиз учун яхшигина сабаблар бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Zokiri
29/07/2021 16:27
Ular ishonchni oqlamayapti degan jumlangiz xato. O'zi boshidan bu narsa ma'lum edi. Sababi bayroqdorlar(birinchi)ga qilingan nohaqlik barcha sportchilar sportchilarga yaxshi kayfiyat ulashmagani ularni ruhiyatiga salbiy ta'siri bo'lgani aniq. Ular qo'llaridan kelgan barchasini qilayotganiga ishonchim komil. Barcha sportchilarga Rahmat. Ishtiroki kutilayoganlarga esa Alloh yor bo'lsin.
Sulton Kuldashev
29/07/2021 19:03
Биринчи навбатда федерация айбдор 2чидан Миразизбек ва Турсуной галабага муносиб эди хакамлар хатоси
Sulton Kuldashev
29/07/2021 19:01
Байрокдорни алмаштириш бу сабаб була олмайди