Бокс. София шаҳрида ўтказилган "Странджа" турнирининг финал баҳслари якунланди!

  • 01.03.2026 23:22
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Бокс

Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган анъанавий 77 "Странджа" халқаро турнирининг финал баҳслари якунига етди.

Ушбу босқичга терма жамоамиздан энг кўп – 11 нафар боксчи етиб келган эди.

Финал жангининг илк тўқнашуви -48 кг вазндаги вакиламиз Сабина Бобоқулова иштирокида бўлди. Унга украиналик Анна Охота рақибалик қилди. Қизиқарли кечган баҳсда Сабина ўз устунлигини намойиш этди ва 5:0 ҳисобида ғалабага эришди!

-57 кг вазнда Нигина Ўктамова ҳам финал жангида рингга кўтарилди. У ирландиялик Михаела Валшга қарши баҳс юритди. Турнир бошидан буён рақибаларига ҳеч қандай имконият қолдирмаётган вакиламиз анъанани давом эттирди ва финалда ҳам ўз устунлигини намойиш этди. Якуний ҳисоб 3:2 кўриниш олди. 

-65 кг вазнда Навбаҳор Ҳамидова ҳам финал жангини ўтказди. У қозоғистонлик Лаура Есенкелди билан чемпионлик масаласини ҳал қилди. Ҳар доимгидек, мураббийлари кўрсатмасини бекаму-кўст бажарган Ҳамидова чиройли ғалабани қўлга киритди. Ҳисоб 5:0. 

-75 кг вазнда Азиза Зокирова финалда жиддий рақиб Австралия вакиласи Эмма Суе Греентрее билан тўқнаш келди. Қийин кечган қарама-қаршиликда Зокирова жанг тақдирини ўз фойдасига ҳал қила олди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 

-51 кг вазнда бўлиб ўтиши керак бўлган финал баҳси, Феруза Казакованинг жароҳати сабабли ўтказилмайдиган бўлди ва ғалаба мезбон Златислава Чукановага топширилди. 

+80 кг вазнда Олтиной Сотимбоева қозоғистонлик Валерия Ахеновага қарши чемпионлик масаласини ҳал қилди. Афсуски, Олтинойга бироз омад етишмади. Чунки барчасини яхши бажарганди. Якунда, 0:5 ҳисобида мағлубиятга учради. У турнир вице-чемпиони!

Эркаклар ўртасидаги финални -75 кгда Фазлиддин Эркинбоев бошлаб берди. У мезбонлар вакили Рами Киванга қарши баҳс юритди. Фазлиддин ҳам ғалаба қозониш учун икки бош устунлик билан ҳаракат қилиш керак эди. Эркинбоев буни ортиғи билан уддалади. Ҳисоб 5:0 кўриниш олди.

-80 кг вазнда Жавоҳир Умматалиев ярим финалда украиналик боксчини мусобақадан чиқариб юборганди. Финалда ҳам унга Украина вакили рўбарў келди. Қизиқарли ва шиддатли кечган жангда боксчимизга бироз омад етишмади – 2:3.

-85 кгда Акмалжон Исроилов ҳам финалдаги жангини якунлади. У ҳам украиналик Матвии Ражбага қарши рингга кўтарилди. Бу сафар ҳам ўзбек "танки"си ўз услубига хос равишда рақибига имконият қолдирмади. Ҳисоб 5:0 кўриниш олди ва чемпионликни қўлга киритди!

-90 кгдаги вакилимиз  Тўрабек Ҳабибуллаев ҳам финал жангини ўтказди. Унга ҳам украиналик Богдан Толмачов рақиблик қилди. Богдан ярим финалда Самир Собировни мағлуб этганди. Лекин унинг имконияти ҳам кучи ҳам Тўрабекка етмади. Якунда  Ҳабибуллаев 5:0 ҳисобида зафар қучди ва чемпионга айланди!

Ва ниҳоят, +90 кгда Озодбек Алиев жуда жиддий рақиб британиялик Дамар Томасга қарши финал жангини ўтказди. Ёш боксчимиз муносиб жанг кўрсатди. Аммо бу ғалаба учун етарли бўлмади ва 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Озодбек турнир вице-чемпиони! 

Шу тариқа Ўзбекистон бокс терма жамоаси Болгариядаги "Странжа" халқаро турнирини 7 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза медали билан якунлади.

Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!