Бўлажак "Андижон" - "Турон" ўйинининг қайноқ ҳарорати ҳозирданоқ сезиляпти: Анвар Бердиев Виктор Кумиковнинг гапига нима деб жавоб қайтарганини биласизми?
Про лигадаги интрига Суперлиганикидан асло қолишмаяпти. Етакчилар ғалаба қозонишда давом этяпти. Мусобақа карвонбошиси бўлиб турган “Турон” клуби 14-турда “Зомин”ни қабул қилиб 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мезбонлар биринчи бўлимдаёқ ўйин тақдирини ҳал қилишди. Иккинчи бўлим эса меҳмонларнинг устунлиги остида ўтди. Лекин “Турон” натижани сақлаб қолди.
Олдинда пешқадамни оғир учрашув кутяпти. Энг яқин таъқибчиси – “Андижон” майдонига сафар қилади. “Зомин”га қарши баҳсдан кейин “Турон” бош мураббийи Анвар Бердиев бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Ҳамма футбол мухлисларини иккинчи давра бошлангани билан табриклайман, - дея гап бошлади Бердиев. - Жамоа ўйинидан қониқмадим, аммо натижадан қониқдим. Иккинчи бўлимдаги ўйинимиз, менга ёқмади. Расмий учрашув энди бошланди, балки ҳаяжон бўлдими? Буни футболчилар билан гаплашамиз. Кейинги ўйинга тайёргарликни бошлаймиз.
- “Турон” рақибга қараб ўйнаётгандек таассурот уйғотяпти. Масалан, кучсизроқ жамоага шунга яраша, кучлироқ клубга эса кучлироқ ўйнаяпти...Бу руҳият билан боғлиқми?
- Мен бундай деб ўйламаган бўлардим. Ҳар ўйиндан аввал футболчиларимизга айтаман ва ҳар бир рақибни ҳурмат қилишларини талаб қиламан. Чунки биляпсизлар, бу йилги мавсумда про лигада ўткинчи ўйинлар йўқ. Ҳар бир учрашув қийин. “Зомин”га қарши учрашувдан олдин ҳам йигитларимизга айтгандим, ўз кучларингга ишонинглар, бироқ рақибни менсимаслик ёмон оқибатларга олиб келишини таъкидлаганман. Иккинчи бўлимда шу нарса содир бўлди. Ўйинни таҳлил қилиб, хатоларни футболчиларга кўрсатамиз. Лекин бизни жамоада рақибга қараб ўйнаш, деган гап бўлиши мумкин эмас.
- Олдинда “Турон”ни иккита жиддий ўйин кутяпти. Иккаласи ҳам сафарда “Андижон”га қарши ўтади. Бири чемпионат, яна бири Кубок баҳслари. Бўлажак учрашувлар учун қандай режангиз бор?
- Ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба учун тушамиз. “Андижон” биланми ёки “Зомин” билан ўйнаймизми, ютсак барибир 3 очко берилади. Бунгача қандай тайёргарлик кўрган бўлсак, “Андижон” билан учрашувга ҳам шундай тайёрланамиз. Биламиз, бу ажойиб водий дербиси бўлади. Андижонлик мухлисларни биламан, ўз жамоасини яхши қўллаб-қувватлашади. Биласизлар, “Турон”ни ҳам ажойиб ишқибозлари бор. Биздан ҳам мухлислар боришади. Худо хоҳласа, ҳақиқий жанг бўлади, деб ўйлайман. Олдиндан катта гапирмоқчи эмасман. Лекин ишонтириб айтаманки, футболчиларим ушбу ўйинга яхши тайёрланишади. Чинакамига водий дербиси бўлади.
- Янги футболчи Сергей Морозовни ўйини ёқдими?
- Хабарингиз бор, бизда ҳимоя чизиғимизда биринчи даврада ёш футболчилар ҳаракат қилишди. Тажрибали ҳимоячи керак эди. Шу ҳимоячини қидириб топдик. Морозовнинг биринчи ўйинига келсак, ундан қониқдим. Дебют учрашувида гол ургани билан ҳам уни табриклайман.
- Шундоқ ҳам бу учрашувда “Турон”нинг ғалаба қозониши кутилганди ва бу амалда исботини топди. 3 та гол урилгач, мураббий сифатида ўзингиз ҳам ҳаёлингизни бир четида кейинги учрашув ҳақида ўйлашни бошладингизми?
- Тўғрисини айтсам, ҳеч қачон бунақа деб ўйламайман. Ҳар бир учрашувда ҳакамни дастлабки хуштаги чалингач, охирги хуштагига қадар мен хотиржам бўла олмайман. Кўрдинглар, ўйинни “Зомин” яхши бошлади. Бизникилар биринчи голни урганидан кейин яхши ўйнашни бошладик. 3:0 дан кейин хоҳлаймизми-йўқми, ҳар бир футболчини характерида бўшашишлик бўлади. Биринчи бўлимдан сўнг ўйинчиларни алмаштирдик. Улар ҳам майдонга тушиб, олдиндан ютдик деб ўйлашди шекилли, охиригача курашишмади. Бу нарса майдонда ўз аксини кўрсатди. Шунинг учун учрашув бошидан охиригача курашиш лозим. Ҳакамнинг сўнгги хуштагидан кейин ғалабага ишонса бўлади.
- Ёзги селекцияда қониқдингизми?
- Селекциядан қониқиш ҳосил қилдим. Тўғрисини айтсам, биринчи давра билан иккинчи давра ўртасида кўп ҳам ўйинчи алмаштирадиган мураббийлар сирасига кирмайман. Янги футболчи келгач, жамоа ўйинига қўшилиб кетишига вақт керак. Тажрибали ўйинчиларга бу осонроқ бўлади. Ёш футболчиларга жамоага қўшилиб кетишлари жуда қийин. Бизга тажрибали ҳимоячи керак эди ва уни топдик. Қанот ҳимоясига Ўзбекистон U-19 терма жамоаси аъзоси Иззатилло Пўлатовни олдик. Шунингдек, Қаҳрамон Баҳодировни ўзим билганим учун уни ҳам таклиф қилдик. Буларни ҳам жамоага ёрдами тегади, деб ўйлайман.
- “Андижон” бош мураббийи Виктор Кумиков ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Турон” билан янада кучлироқ ўйнаймиз, деб айтди. “Турон” ҳам бугунги ўйинга нисбатан янада кучлироқ ўйнай оладими? Биринчи даврада ҳам “Андижон” ютиб кетганди...
- Тўғри, бу футбол. Ўша учрашув ҳали ҳам кўз олдимда турибди. Ёдингизда бўлса, ҳисоб 1:1 бўлиб турганида Ҳумоюн Муртазоев яккама-якка вазиятда тепган тўпи устунга тегиб қайтганди. Футболда сен урмасанг, сенга уришади, деган гап бор. Кейин “Андижон” бизни жазолаб кетганди. “Андижон” бош мураббийининг айтган гапига келсак, “Турон”ни эслаган бўлса, демак, озгина бўлса ҳам бизга эътибор қаратишган экан, бундан хурсандман. Яна қайтараман: 13 август куни ҳақиқий жанг бўлади.
- Бўлажак рақибни кучли ва кучсиз жиҳатлари сифатида нималарни айта оласиз?
- “Андижон”ни кучли тарафини ҳамма билади. Фақат стандарт вазият, стандарт вазият... Бўйдор ўйинчиларига ишонишади. Биз ҳам тайёрланамиз, ўз режамиз бор. Худо хоҳласа, яхши ўйин бўлади.
Фикрлар