"Боруссия" Дортмунд "РБ Лейпциг" майдонидан ғалаба билан қайтди

Германия Бундеслигаси 15-тур учрашувлари давом эттирилмоқда. Бугун чемпионлик учун даъвогар ҳисобланган жамоалар ўртасидаги ўйин бўлиб ўтди. "РБ Лейпциг" майдонига сафар қилган "Боруссия" Дортмунд 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Қайд этиш жоиз, биринчи тайм анча зерикарли кўриниш олди ва унда дарвозалар томон жами 1 та зарба йўлланди. Бироқ иккинчи бўлимни умуман бошқача кайфиятда бошлаган "асаларилар" 55-дақиқада ҳисобни очди. Яқин масофадан Санчо дарвозани ишғол этиб, кетма-кет иккинчи баҳсда гол уришга муваффақ бўлди.

Ўйиннинг қолган дақиқалари Холанднинг бенефисига айланиб кетди. Норвегиялик форвард 13 дақиқа ичида дублни расмийлаштириб, ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйди. Ушбу голларга "буқалар" биргина аниқ зарба билан жавоб қайтара олди. Ҳисобни қисқартирган гол муаллифи Александер Сёрлот.

Ушбу ғалаба натижасида дортмундликлар ҳисобидаги очколар сони 28 тага етди ва улар 4-ўринга кўтарилиб олди. Ўз уйида имкониятни бой берган "РБ Лейпциг" 31 очко билан 2-поғонада қолди.

  • 90+3'

    Ўйин якунланди. Матнли трансляция Жавоҳир Азимов томонидан олиб борилди!

  • 90+2'

    Учрашувнинг сўнгги дақиқаларини мезбонлар ҳужумда ўтказмоқда.

  • 90'

    Ўйиннинг асосий вақтига 3 дақиқа қўшиб берилди.

  • 90'

    ГООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ! "Лейпциг" ҳисобни қисқартирди!

    Анхелиньонинг узатмасига Сёрлот бош билан дарвозага йўллади. Дарвозабон қайтарган тўпни ҳужумчининг ўзи дарвозага киритди.

  • 88'

    Лазар Самаржич Юссуф Поульсенни алмаштирди.

  • 86'

    Санчо ҳамда Ройс захирага олинди. Улар ўрнига Брандт ва Тиггес майдонга тушди.

  • 84'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Боруссия" ўйинда чиройли нуқта қўйди!

    Ройснинг моҳирона узатмасини қабул қилган Холанд дарвозабонни алдаб ўтиб, бўш қолган дарвозани ишғол этди.

  • 82'

    Эрлинг Холанднинг зарбаси кутилганидек чиқмади. У тўпга мослаша олмади.

  • 80'

    Майдон марказида Холанд қоида бузиш эвазига зарарсизлантирилди. Ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 78'

    Упамекано ўзининг фаол ҳаракатлари билан рақиб ҳужумини тўхтатди.

  • 75'

    Майдон эгалари иккинчи бўлимда деярли хавф туғдира олмаяпти.

  • 73'

    Жарима майдони яқинида Аканжи рақибига нисбатан қоида бузгани учун огоҳлантирилди.

  • 71'

    ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Боруссия" ҳисобни ишончли кўринишга келтирди!

    Санчонинг ажойиб узатмасини Эрлинг Холанд дарвозага йўллади.

  • 71'

    Амаду Хайдара захирага олинди. Унинг ўрнида Хван Хи Чан ўйинни давом эттиради.

  • 69'

    Томас Дилейни ўз ўрнини Дан-Аксель Загадуга бўшатиб берди.

  • 67'

    "Буқалар" ҳам худди шу тарзда жавоб қайтара олди: Ольмонинг уриниши устундан қайтди.

  • 65'

    Шеригининг ажойиб узатмасидан кейин бирга-бир вазиятга чиқиб борган Холанднинг кучли зарбаси тўсинни титратди.

  • 63'

    Забитцер ва Форсберг ўрнига Клостерманн ҳамда Сёрлот майдонга тушди.

  • 61'

    Санчонинг бу сафарги уриниши мўлжалга аниқ бормади.

  • 59'

    Герейрунинг жарима майдони ичидан берган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 57'

    Дортмундликлар фаолликни давом эттирмоқда.

  • 55'

    ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛ! "Боруссия" ҳисобни очди!

    Ройснинг заргарона узатмасини Санчо яқин масофадан дарвозага киритди.

  • 53'

    "Асаларилар"нинг навбатдаги ҳужуми Рейнанинг ноаниқ узатмаси туфайли барбод бўлди.

  • 51'

    Жамоадошининг узатмасига Анхелиньо етиб бора олмади.

  • 49'

    Марко Ройснинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбасини дарвозабон қайтарди.

  • 47'

    Иккинчи бўлим ҳам зерикарли руҳда бошланди. Жамоалар рақиб жарима майдонига ёриб киришга қийналмоқда.

  • 46'

    Иккинчи тайм бошланди!

  • 46'

    Футболчилар майдонга қайтди. Биз ҳам қайтамиз!

  • 45+2'

    Танаффус!

  • 45'

    Биринчи бўлимга 2 дақиқа қўшиб берилди.

  • 43'

    Ройснинг жарима майдонига узатмасини Забитцер қайтариб қолди.

  • 41'

    Дани Ольмонинг узоқ масофадан берган зарбаси тўсин юқорисидан ўтиб кетди.

  • 39'

    Нагельсманн шогирдлари позицион ҳужумлар билан рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

  • 37'

    Эмре Жаннинг узатмасига шериклари ета олмади.

  • 35'

    Ўз жойини ташлаб, олдинга югуриб чиққан Гулачи тўпга Холанддан олдин етиб келди.

  • 32'

    Майдон марказида Форсбергни қўполлик эвазига тўхтатиб қолганлиги учун Дилейни огоҳлантирилди.

  • 30'

    Эмре Жан жароҳат олган Витсель ўрнига майдонга тушди.

  • 28'

    Аксель Витсель чап оёғини жароҳатлаб олди. Унга тиббий ёрдам керак.

  • 25'

    Аканжи жарима майдони марказида ишончли ҳаракат қилди. Унинг позиция танлашдаги топқирлиги сабаб, Адамснинг узатмаси шерикларигача етиб бормади.

  • 23'

    Анхелиньо қанотдан тўп оширди. Ҳимоячилар уни узоқлаштирди.

  • 21'

    Хайдаранинг жарима майдони ичига оширган узатмасига шериклари ета олмади.

  • 18'

    Мезбонлар қанотларни фаол ишга солмоқда. "Борусия" жарима майдонини яхши қўриқлаяпти.

  • 15'

    Ўйин қиймати юқорилиги сабаб, майдон марказида кескин яккакурашлар кўп бўлмоқда. Футболчилар бир-бирини аямаяпти.

  • 13'

    Эрлинг Холанд ўйиндан ташқари ҳолатда тўпни қабул қилиб олди.

  • 9'

    "Буқалар" ҳамон босим уюштиришда давом этмоқда. Ҳозирча, "Боруссия" бирорта хавфли вазият яратганича йўқ.

  • 7'

    "Лейпциг" илк бурчак зарбасидан хавфли ҳужум чиқара олди. Бироқ ҳимоячилар рақибга зарба йўллаш имкониятини қолдирмади.

  • 5'

    Дортмундликлар рақиб прессингидан узун паслар орқари чиқиб кетмоқчи.

  • 3'

    Майдон эгалари дастлабки дақиқалардан тўп назоратини қўлга олишга ҳаракат қилмоқда.

  • 1'

    Ўйин бошланди!

  • 0'

    Сардорлар иштирокидаги расмий жараёнлар ортда қолди. Старт учун барчаси тайёр!

  • 0'

    Футболчилар майдонга тушиб келди. Ўйин бир неча сониялар ичида старт олади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!