Бош Конгрессида Ўзбекистон стол тенниси федерацияси вакиллари қатнашди

Кеча Венгриянинг Будапешт шаҳрида стол тенниси бўйича жаҳон чемпионати бошланди. Чемпионат доирасида Халқаро стол тенниси федерациясининг навбатдаги Бош Конгресси ҳам ўтказилди.

Нуфузли анжуманда дунё стол тенниси федерацияларининг мутасадди раҳбарлари билан биргаликда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси аъзолари ҳам иштирок этди.

Конгрессда 2021 ва 2022 йилларда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган давлатни овоз бериш йўли билан аниқлаш, Марказий Осиёда мазкур спорт турини янада оммалаштириш ва ушбу давлатларда йирик спорт анжуманлари ҳамда турнирларни ўтказиш бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди.

 
photo5328264306783005402.jpg

Анжуманда 2021 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини АҚШнинг Хьюстон шаҳри қўлга киритган бўлса, 2022 йилги дунё биринчилигини ўтказишда Хитойнинг Ченгду шаҳри энг кўп овоз тўплаган ҳолда Япония ва Португалия давлатларини ортда қолдирди.

Шунингдек, Конгрессда Халқаро стол тенниси федерацияси Бош директори Стив Даинтон ва Бош котиб Раул Калин ҳамда бир қатор федерациялар раҳбарларининг маърузаси тингланди.
 
photo5328264306783005403.jpg

– Конгресс доирасида биз мамлакатимизга қўшни бўлган давлатлар билан стол тенниси бўйича терма жамоаларимиз аъзоларини маҳоратларини янада ошириш, биргаликда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиш бўйича келишиб олдик, – дейди Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ижрочи директори Одина Бурхонхўжаева. – Биз келаси йили Японияда ўтказиладиган Олимпия ўйинларининг йўлланмасини қўлга киритиш учун ўтадиган мусобақаларга тайёргарлик кўриш мақсадида Испания ва Жанубий Корея федерациялари билан ҳамкорликда июнь ҳамда июль ойида ўқув-йиғин машғулотларини ўтказишга келишиб олдик.
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!