"Бу бизга жуда катта чақирув" ёхуд ЦСКАнинг ўринбосарларидан асосий жамоасига кўчиб ўтган ўзбек мураббийи билан суҳбат

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Москванинг ЦСКА клуби мураббийлар штабида энди ҳамюртимиз Денис Коростиченко ҳам фаолият олиб боради.

Ўтган йилдан бери у ЦСКА ўринборсарлар жамоасида Дмитрий Игдисамовга яқиндан ёрдам бериб келаётганди. Бир қанча вақт муқаддам Игдисамов ЦСКАнинг асосий жамоасига бош мураббий этиб тайинлангач, у ўз ёрдамчилари қаторида Коростиченкони ҳам асосий жамоага жалб қилди.

Куни кеча Денис Владимирович Sports.uz сайти мухбирига интервью берди.

- Денис Владимирович, ЦСКА клубининг асосий жамоасида иш бошлайдиган бўлдингиз ва бу билан сизни табриклайман. Аввало, шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз, ҳаммаси қачон содир бўлди?

- Билсангиз, ўтган йилдан бери ЦСКА ёшлар жамоасида Дмитрий Игорьевичга ёрдам бериб келаётгандим. Хабарингиз бўлса, у асли Тошкентдан. Шу ерда 15 йил яшаган. Биз ёшликдан бирга ўсганмиз. Шу боис ЦСКАда бирга ишлаётгандик. Шу йилнинг март ойида эса Дмитрий Игорьевич асосий жамоанинг мураббийлар штабига ўтди. Челестини ЦСКА бош мураббийлигидан кетганидан сўнг Игдисамов вақтинчалик бош мураббий бўлиб ишлаётганди. Раҳбарият 3-4 та номзодларни кўриб чиққанди. Биз эса ким қолиши, ким кетиши ҳақида ҳеч нима билмагандик. Мана, энди 3-4 кун олдин ҳамма нарса тасдиқланди ва Дмитрий Игорьевич Игдисамов бош мураббий этиб тайинланди. Кейин Дима менга қўнғироқ қилди ва биз гаплашиб олдик. Натижада мен ҳам асосий жамоанинг мураббийлар штабида эканлигимни билиб олдим.

- Албатта, бу сиз учун янги чақирув. Бу янгиликни қандай қабул қилдингиз? Сиз учун кутилмаган ҳолат бўлмадими?

- Ҳа, бизга бу жуда катта чақирув. ЦСКА Россиядаги энг катта клублардан бири. Жуда кўп совринларни ютган. Қўрқиш деган нарса йўқ. Тўғри, бу умуман бошқа даража. Масалан, ўринбосарлар жамоасида ишлаган пайтимизда ҳам барча шароитлар бекаму кўст яратиларди. Энди эса биз биринчи марта катта жамоада иш олиб борамиз. Табиийки, бундан жуда хурсандман. Максимал даражада ўз имкониятимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Потенциалимиз етади ва бор кучимизни кўрсатиб, яхши натижалар қайд этиш учун меҳнат қиламиз.

- ЦСКАда янги мураббийлар штаби тасдиқлангач, энди сизларнинг олдингизга қандай аниқ мақсадлар қўйиляпти? Қолаверса, Игдисамовга қандай баҳо берасиз?

- Биринчи навбатда, у жуда кучли мураббий. Профессионал, ўз ишини яхши билади. Характер, футболчиларни “дух”ини кўтариш бўйича ҳам профессионал. У доим охиригача курашади. Мақсадга келсак, билсангиз, ЦСКАда фақат битта вазифа бор: чемпионлик, Кубок! Раҳбарият Дмитрий Игдисамов билан қанақа гаплашганини билмайман. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ЦСКАни бошқа натижалар қаноатлантирмайди ва доим чемпионлик ва Кубок учун курашади. Биз ҳозирча таътилдамиз. Мавсум учун тайёргарликка киришиб, катта мақсадлар учун олға юришни бошлаймиз.

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!