"Бу ерда тўп суриш қийин бўлади деб ўйлагандим" - Богдан Милич "Андижон"даги илк голи, биринчи ғалаба ва тўпурарлик учун нечта гол урмоқчилиги ҳақида дангал гапирди
“Андижон” клуби “Бобур арена” стадионида “Янгиер-Қурувчи”га қарши ўтказилган учрашувда 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритганидан хабардорсиз. Эътиборлиси, андижонликларнинг про лигадаги дастлабки голи черногориялик ҳужумчи Богдан Милич ҳисобига ёзилди.
Маълумки, ушбу легионер жорий мавсум аввалида жамоа сафига қўшилди. 34 ёшли кўпни кўрган футболчининг тажрибасига шубҳа йўқ. Боиси, Миличнинг шу кунгача босиб ўтган йўлига қарар эканмиз, Осиё ва Европада из қолдирганига гувоҳ бўламиз. Демак, у тўп сурган клубларга қаранг: “АДО Ден Хааг” (Нидерландия), “Крилья Советов” (Россия), “Виктория” (Чехия), “Спартак-Нальчик” (Россия), “Квангжу” (Жанубий Корея), “Сувон” (Жанубий Корея), “Рудар” (Черногория), “Младост” (Черногория), “Осасуна” (Испания), “Тренгану” (Малайзия), “Сайпа” (Эрон), “Искра” (Черногория).
Мана шундай катта тажрибага эга бўлган ҳужумчи энди “Андижон” шарафини муносиб ҳимоя қилишга бел боғлаган ва маҳаллий мухлисларнинг ишончини қозонишни бошлаб юборди. Милич “Янгиер-Қурувчи”га қарши учрашувдан кейин дастлабки интервьюсини берди.
- Богдан, ғалаба билан табриклайман. Ушбу стадиондаги биринчи ўйинингиз ва илк голингизни урдингиз. Таассуротлар қандай?
- Олдимиздаги вазифа ютқазмаслик ва ғалабамиз билан мухлисларимизни кайфиятини кўтариш эди. Асосийси, ёмғир ёғиб турганида бундай майдонда яхши ўйнадик. Бу ўзимизнинг стадионимизда мухлисларимиз қаршисидаги биринчи ўйинимиз эди. Лекин ёмғир ёққанлиги ҳамда об-ҳавонинг ноқулайлиги сабабли ўйин жуда оғир кечди. Аммо биз биринчи таймда гол урдик ва ишончни оширдик. Шу сабабли вазифамиз анча енгиллашди. Бизда яна имкониятлар бўлди, гол уришга. 2:0 ҳисобидаги ғалаба худди ўзимиз ўйлагандек бўлди. Аммо яна голлар уришимиз ҳам мумкин эди. Кўрдингиз, кўплаб вазиятларни яратдик. Вақти келганда ўзимиз ҳам яхши ҳимояландик ва “Янгиер”га имконият қолдирмасликка ҳаракат қилдик. Баъзида эса имкониятлардан фойдаланишни истаганимизда ўхшамай ҳам қолди. Энди сафарда бўладиган учрашувга тайёрланамиз.
- Демак, умумий маънода айтганда, сиз ўйиндан ҳам, натижадан ҳам қониқдингиз, тўғрими?
- Ҳа, мен ўйиндан ҳам, натижадан ҳам қониқдим. Лекин айрим вазиятлар борасида ўйинимизни яна яхшилашимиз керак бўлган жиҳатлар ҳам бор. Айрим камчиликларимиз йўқ эмас. Тўпни йўқотиб қўйган ҳолатлар ҳам юз берди. Айниқса, дастлабки 20 дақиқада тўпни кўп йўқотиб қўйдик. Шунингдек, ўша вақтларда кўпроқ ҳимояланишимизга ҳам тўғри келди. Ўша 20 дақиқадан кейин ҳаммаси яхши томонга ўзгарди.
- Айтинг-чи, про лиганинг савияси сизга ёқяптими ёки...
- Албатта, яхши. Бу ерда тўп суриш қийин бўлади деб ўйлагандим. Чунки Қозоғистонда ҳам ўйнаганман. Шунинг учун бу ерда ҳам Қозоғистондагига ўхшайди деб ўйлагандим. Лекин бу ерда анча бошқача экан. Тўп билан ҳам кўп муомалада бўлишади. Энг асосийси, бу ердаги биринчи голимни урдим. Бундан кейин ҳам ҳар бир учрашувда гол уришга ҳаракат қиламан ва шунга тайёргарлик кўраман.
- Бу мавсумда тўпурар бўлишга ваъда бера оласизми?
- Мени асосий вазифам гол уриш. Ҳужумчи бўлганимдан кейин ишим шу-да! Мен ҳар бир ўйинда 100 фоиз кучимни бериб, жамоамнинг ғалабаси учун қўлимдан келган барча ишни қилишга ваъда берганман. Лекин ўйинлар чоғида кимлар гол уради, бунисини вақт кўрсатади.
- Голларингизни ҳисобини очиб олдингиз. Масалан, мавсум мобайнида нечта гол уришни ўйлаб турибсиз?
- Билмадим, 10-15 та. Агар имкони бўлиб қолса, 20 тагача гол уришга ҳаракат қиламан. Муҳими, жамоамизнинг ғалабаси ҳаммасидан устун.
Фикрлар