"Бу ердан чемпионатга тайёр жамоа сифатида борамиз, қўлимиздан нималар келишини биламиз" ёхуд Бердиевнинг иштиёқи катта
Туркиянинг Анталия шаҳрида янги мавсумга тайёргарлик кўраётган “Андижон” клуби ҳам машғулотлардан ташқари назорат учрашувларига ҳам эътибор қаратмоқдалар.
Кеча “Бургутлар” иккита ўйинда иштирок этдилар. Дастлаб Россиянинг “Велес” жамоасини 5:1 ҳисобида мағлуб этдилар. Кечки маҳал Грузиянинг “Самтредиа” жамоасига қарши баҳсда ҳисоб очилмади.
Жамоанинг тажрибали футболчиларидан бири Суҳроб Бердиев “Велес”га қарши учрашувда иккита гол урди. Айни пайтда Туркия йиғинида бўлиб турган ушбу ўйинчи ўртоқлик учрашувлари борасида гапирди.
“Вазиятларни голга айлантиришда қийналаётгандик”
- Бир кунда иккита ўйин ўтказганимизни сабаби, мураббийлар иккита таркибдаги барча футболчиларга 90 дақиқадан ўйнатишни лозим топдилар. Бу ёғига мавсум яқин, 90 дақиқалик ўйинларга тайёрланишимиз керак, шунга иккитадан учрашув ташкил қилинди, деб ўйлайман. “Велес”ни йирик ҳисобда ютганимизга келсак, бундан олдинги учрашувларда ҳам кўп имкониятлардан фойдалана олмаётгандик. Вазиятлар яратаётгандик, аммо голга айлантиришда қийналаётгандик. Бу сафар ўз имкониятларимиздан фойдаландик. Шу сабабдан йирик ҳисоб бўлди, деб ўйлайман.
“Яна ишлашда давом этамиз”
- Иккинчи ўйинимиз ҳам яхши ўтди. Бу беллашувда ҳам жамоамиз кўпроқ тўпни назорат қилди. Фақат гол уришда бироз омадимиз чопмади. Менимча, грузияликларга қарши ўйинда ҳам бизда хавфли вазиятлар кўпроқ бўлди. Яна ишлашда давом этамиз ва кейинги ўйинларга тайёрланамиз.
“Рақибларимизни кучли ёки кучсиз деб ажратмайман”
- Иккала рақибимиз яхши савияда. Дастлабки баҳсда мен кўпроқ ўйнадим. “Велес”га қарши биринчи бўлимда анча қийналдик. Иккинчи таймдаги имкониятлардан фойдаланганимиздан кейин ҳисоб йириклашди ва рақиб бўшашиб қолди. Биз эса майдонда ўзимиз ўйлаган режаларимизни бемалол амалга ошира олдик. Иккинчи учрашувда камроқ ўйнадим. Аммо жамоамиз яхши ўйин кўрсатди. Рақибларимиздан униси ёки бунисини кучли деб ажратмаган бўлардим. Бири Россия биринчи дивизионида, яна бири Грузия чемпионатида қатнашади. Иккала клуб ҳам ёқди, жисмоний тарафлама бақувват экан.
“Олдимизда яна иккита ўйинимиз бор”
- Анталиядаги йиғинимиз яхши кетяпти. Ўйиндан-ўйинга спорт формамизга кириб боряпмиз. Хатоларни кейинги учрашувларда такрорламасликка ҳаракат қилиб, мураббийларни кўрсатмаларини майдонда бажаришга интиляпмиз. Олдимизда иккита ўйинимиз бор. Барча вазифани майдонда кўрсатиб, яхлит жамоа сифатида шаклланиб, насиб қилса чемпионатга тайёр жамоа бўлиб борамиз, деган умиддаман.
“Суперлига савиясига кириб боряпмиз”
- Про лига билан Суперлигани даражасида фарқ бор. Албатта Суперлига савиясига кириб бормоқдамиз. Биз футболчилар ўз имкониятларимизни ва қўлимиздан нималар келишини биламиз. Суперлигада рақобатбардош жамоа бўламиз. Шунчаки, очко улашадиган клуб бўлиб қолмаймиз. Ғалаба учун охиригача курашамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар