"Бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман" - Шомуродовнинг Қозоғистонга қарши ўйиндан кейинги фикрлари билан танишинг

Халқаро ўртоқлик учрашуви доирасида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон терма жамоалари ўзаро куч синашди. Мазкур беллашувда вакилларимиз 2:0 ҳисобида рақибдан устун келди. 

Дастлаб, 11-дақиқада Ҳожимат Эркинов беллашувда ҳисобни очди. 45-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Элдор Шомуродов орадаги фарқни иккитага етказиб қўйди. 

Беллашувдан сўнг терма жамоамиз сардори ҳамда "Рома" ҳужумчиси Элдор Шомуродов ўз фикрлари билан ўртоқлашди: 

- Рақиб даражаси ҳақида нима дея оласиз?

- Биринчи навбатда совуқ кунга қарамай, келган мухлисларга раҳмат айтаман. Ўйинга келсак, ўзимизни яхши томондан кўрсата олдик. Ўйлаган режаларимиз амалга ошди. Шундай бўлса-да, камчиликлар бор. Уларни бартараф этиш керак. Қозоғистон ҳам яхши ўйин кўрсатди.

- Терма жамоада рекорд қайд этишингизга 1 та гол қолди. Бунга эътибор қаратяпсизми?

- Албатта, тарихга кириш истагим бор. Шу сабабли, бунга эътибор қаратяпман. Худо хоҳласа, тезроқ рекорд ўрнатиб олсам, қолгани осон кечади.

- Олдинда Россияга қарши учрашув. Россияда тўп тепгансиз ва уларнинг имкониятларини биласиз. Умуман, шу баҳс ҳақида нима дея оласиз?

- Россия билан бугунгидан ҳам қийинроқ ўйин бизни кутиб турибди. Рақиб нафақат жисмоний, балки, техник томондан ҳам анча кучли.

- Асосийда тушган ўйинларингизда гол уряпсиз. Келажак режалар қандай? Аниқроғи, "Рома"даги ҳолатингиз ҳақида гапирсангиз.

- Айни вақтда терма жамоадаман. "Рома" ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!