"Бу иккиси бўлмаса "Пахтакор"ни тасаввур қилиш қийин, жамоада қолсам натижаларни яхшилашга ишончим комил" ёхуд унинг клубдан кетгиси келмаяпти!

“Пахтакор”да Черандан ташқари сербиялик яна бир легионер – Боян Матични ҳам тўп сурганини зукко ўқувчиларга эслатиш шарт бўлмаса керак.

Бу ҳужумчи “шерлар” сафига ёзда қўшилган бўлиб, ўшанда клуб у билан мавсум охирига қадар шартнома имзолаганди. Матич “Пахтакор” таркибида Суперлига доирасида 12 та учрашувда майдонга тушди ва 2 марта гол урди.

Албатта, унинг гол уриш бўйича самарадорлиги у қадар яхши чиқмади. Боян Драган билан бирга Сербияга кетган ва қишки танаффусдан фойдаланиб, ҳордиқ чиқармоқда. Табиийки, футболчининг кейинги режаси қандайлигини билишга қизиқдик ва шу мақсадда Sports.uz мухбири “Пахтакор”нинг легионерига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

- Боян, “Пахтакор”даги ярим йиллик фаолиятингизни қандай баҳолайсиз? Чемпионликка эришиш сиз учун қониқарли бўлдими?

- Ҳа, мен учун мавсум жуда омадли якун топди, деб ҳисоблайман. Албатта, чемпионат аъло даражада тугади. Ўзим тўп сураётган клуб учун бор кучимни бердим, яхши ўйнашга ҳаракат қилдим. Бундан қониқиш ҳосил қилдим, деб айта оламан. Чемпионлик унвонини қўлга киритганимиз хурсанд қилди. Афсуски, кубокни қўлга кирита олмадик. Ваҳоланки, мавсумни олтин дубль билан якунлаш жуда ажойиб иш бўларди.

матич_2

- “Пахтакор”да ўз ўрнимни топдим, деб ҳисоблайсизми? Голларингиз камлиги нима билан боғлиқ?

- Ҳужумчи сифатида ҳар доим голларга ташнаман. Ўйлайманки, етарли даражада голлар кирита олмаганим мен учун камлик қилди. Агар ҳаммаси кутганимдек чиққанида мен учун идеал кўриниш ҳосил қилган бўларди. Албатта, гапингизда жон бор. Мавсум ўртасига келиб, янги жамоадошларим билан дарҳол тил топиша олишда қийналганим ҳам натижаларимга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Янги шериклар ва мураббийнинг талабларига кўникма ҳосил қилиш учун вақт керак бўлади. Агар янги мавсумда ҳам “Пахтакор”да қоладиган бўлсам, натижалар янада яхши кўриниш ҳосил қила олишига ишончим комил. Ҳарқалай, ярим мавсум давомида шерикларим ва мураббийни анча тушуна бошладим.

матич1_1

- Шартномангиз тугади. “Пахтакор” сизга янги битим таклиф қилдими ёки клубни тарк этасизми?

- Ҳа, шартномам ниҳоясига етган. Энди ҳаммаси клуб раҳбариятига боғлиқ бўлиб, улар менга янги шартнома таклиф қиладими ёки йўқми, буни яқин орада билиб оламан. Мен мана шундай аъло даражадаги клуб учун ўйнаганимдан бахтиёрман. Бу ерда ўзимни худди уйдагидек ҳис қилдим. Шундай бўлишида шерикларим катта роль ўйнади. Ўзбекистон мен учун худди иккинчи ватанимдек бўлиб қолди. Шундай туйғуни ҳис қилишимда кўмаклашган жамоадошларимдан миннатдорман.

матич2_1

- Мураббий сизга тўлиқ ишонч билдирди, деб ўйлайсизми?

- Ўйлайманки, ҳаммаси билан аъло даражада чиқишиб кета олдим. Ўтган тўрт ойлик вақт давомида мураббийдан кўп нарсани ўргандим.

- Агар жамоада Черан бўлмаганида ўзимни кўрсатиш учун имконият кўпроқ бўларди, деб ҳисоблайсизми?

- Ўйлайманки, Драган Черан Анзур Исмоилов билан бирга коллективнинг ҳақиқий юрагига айлана олган. Агар бу иккиси бўлмаса, “Пахтакор”ни тасаввур қилиш қийин. Драган менга катта ёрдам берди. Агар кейинчалик ҳам у билан “Пахтакор”да бирга қолсам, ажойиб иш бўларди. Черан “Пахтакор”да экан, навбатдаги мавсум ҳам зўр чиқишига ишончим комил.

матич3_1

- Чемпионатимиз савияси сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ўзбекистонда футбол юқори даражада бўлиб, ЎФАдагилар буни пухта қилиш учун кўп ҳаракат қиляпти. Сизларда футболни тез ўйнашади, ижрочилар эса техник жиҳатидан яхши салоҳиятга эга. Ўйлайманки, агар мен ҳам Ўзбекистонда қоладиган бўлсам, ўйинимни янада юқори даражага олиб чиқа оламан.

матич5_1

- Кубок финалидаги мағлубиятни қандай қабул қилдингиз?

- Мағлубиятга учраш жуда аламли бўлди. Ваҳоланки, ўйин тизгини қўлимизда эди. Тайёр совринни бой берганимиз алам қилмасдан қолмади.

черан5

- Сир бўлмаса, олдингизда қандай таклифлар бор?

- Мен буни изоҳлаб ўтиришни истамаган бўлардим. “Пахтакор”да ўзимни яхши ҳис қилдим. Юқорида айтганимдек, бундан кейин ҳам клубда қолишни хоҳлайман. Клубда ҳамма нарса бор. Яқин кунларда шартнома билан боғлиқ масала қандай ҳал бўлишини кутиб қоламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!