
"Бу жамоа ўз уйимдек бўлиб қолган" ёхуд четда ўйнаган футболчимиз яна Суперлигага қайтди
Муборакнинг “Машъал” клуби Суперлигага қайтганидан кейин таркибини кучайтириш учун бир нечта янги ўйинчилар билан шартномалар имзоланди. Уларнинг орасида жамоанинг собиқ футболчиси Жамшид Ҳасанов ҳам бор.
У илгари турли йиллар мобайнида бир неча бор “Машъал” сафида тўп сурган. 36 ёшли ҳужумкор ўйинчи ўтган йили Тожикистон чемпионатида “Истаравшан” шарафини ҳимоя қилди. У ерда 17 та учрашувда майдонга тушиб голлар урди ва голли пасларни амалга оширди.
Бу мавсумда эса Ҳасанов юртимизга қайтди ҳамда яна бир бор “Машъал” учун ўйнашга рози бўлди.
- "Машъал" клубига ўтишингизга ким сабабчи бўлди ва бу таклифни қандай қабул қилдингиз?
- Таклиф бўйича ўйлаганим йўқ. Чунки “Машъал” ўз уйимдек бўлиб қолган. Ўзимни қадрдон жамоам. Таклифга келсак, Дилявер Ваниев ва жамоа директори Илҳом Қурбонов таклиф қилдилар.
- Бунгача "Машъал"да бир неча бор тўп сургансиз. Охирги марта адашмасам, 2016 йили ўйнагансиз. Бу жамоа сиз учуни нимаси билан қадрли?
- Қадрли. Бир жойда 6 йил ўйнашни ўзи жамоани меҳрли ва оқибатлилигини англатиб туради. Ўша “Машъал”да гуллаган пайтларимда ҳам менга яхши таклифлар бўлишига қарамай, ушбу клубда қолишни маъқул кўрганман.
- Ўтган йили Тожикистонда "Истаравшан"да ўйнадингиз. У ердаги фаолиятингиз қандай кечди?
- Тўғриси, шахсий кўрсаткичим ёмон бўлмади. 4 та гол урдим ва 6 та голли узатмани бердим. Агар Нўъмон Ҳасанов “Истаравшан”га таклиф қилмаганида Тожикистон чемпионатига бормаган бўлардим. Бу йил ҳам Тожикистонни бошқа клубларидан таклифлар бўлди. Бироқ Ўзбекистонда қолишни афзал кўрдим.
- Бу фаолиятингиздаги охирги клуб бўлиб қоладими?
- Буни вақт кўрсатади.
- "Машъал"да ҳамон сиз учун эски қадрдонлар борми?
- Албатта, бор. Бу ердаги ҳар бир ходимларини ҳам айтишим мумкин. Олдин биз ўйнаган пайтлардаги ёшлар улғайиб жамоанинг асосий ўйинчиларига айланиб бўлишган. “Машъал” номини ўзи мен учун жуда қадрли.
- Клуб бу йил сюрприз кўрсатишга қодирми?
- Албатта қодир. Биз жамоамиз билан юқори ўринлар учун курашамиз. Чемпионат аутсайдери бўлмаймиз, деб умид қиламан.
Фикрлар