Бу кетишда Шомуродовга “Рома”да “нон” қолмайди!
Элдор Шомуродов бугунги кунда энг кучли футболчимиз. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардорига ишончимиз баланд. Айнан у туфайли аксариятимиз “Рома” мухлисига айландик ва римликларнинг ҳар бир ўйинини ўзгача иштиёқ билан кузатиб боряпмиз.
Ўз навбатида, ўзбек футболининг энг ёрқин юлдузи Жозе Моуриньо жамоасининг бошланғич таркибига кира олмаётгани барчамизни бирдек хавотирга соляпти. Чунки, Шомуродов мамлакатимиз бош жамоасини муваффақият сари етаклаши учун доимий ўйин амалиётига эга бўлиши керак.
Моуриньо кетма-кет муваффақиятсизликлардан сўнг “Рома”ни гранд клублар қаторида кўришни истаётган хўжайинларни катта трансферларга кўндирди. Куни кеча римликлар “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Эдинсон Каванини қишда олиш учун музокара бошлагани маълум қилинган эди.
Энди Жозе Моуриньо клуб мутасаддиларидан “Наполи” ва Италия миллий терма жамоасининг етакчи ҳужумчиси Лоренцо Инсиньени олишни талаб қилмоқда. Бу ҳужумчи мавсум якунланиши билан эркин агентга айланади. Унинг ўзи ҳам муҳитни ўзгартириш учун Неаполь клуби билан янги битим имзолагани йўқ.
2009 йилдан бери “Наполи” шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Инсиньенинг ўзи ҳам Моуриньо таклифини рад эта олмаслиги мумкин.
Моуриньо кутаётган жаҳон миқёсидаги юлдузларнинг ҳаммаси ҳам Римга келиши даргумон. Бироқ, улардан бири “Рома” таклифига кўнса ҳам, бу ўз ўзидан Элдор Шомуродовнинг фаолиятига таъсир қилади.
Эътибор беринг, Шомуродов Моуриньо таклифига кўра “Женоа”дан римликлар сафига ўтганида янги жамоасида асосий ҳужумчи мақомига эга бўлди ва ҳар бир учрашувда ўзини кўрсатиб келаётганди. “Челси” ҳужумчиси Тэмми Абрахам Римга келиши билан Моуриньо асоссиз равишда Элдорни захирага михлади ва ўзбек футболчисидан трансфери икки баравар қиммат бўлгани учун ўйинни биринчи бўлиб бошлаш имконини англиялик юлдузга тортиқ қилди.
Четга чиқиб қолган легионеримизнинг кўрсаткичлари секин-аста пасая бошлади. Аввалига Шомуродов Абрахамнинг биринчи рақамли ўринбосари эди. Вақт ўтиши билан унинг ўрнини Стефан Эл-Шаарави эгаллади.
Мана охирига келиб, “Кальяри” билан баҳсда Моуриньо Элдорни ўйинга қўшмади. Яна Стефан Эл-Шааравига ишонч билдирди. Шомуродовнинг ўрнига 17 ёшли ганалик ҳужумчи Феликс Афена-Гьян ўйинга қўшилди.
Ҳозир португалиялик мутахассис қўллаётган ўйин схемаларида биргина ҳужумчи вазифасини бажариш учун Тэмми Абрахам билан Элдор Шомуродов, Стефан Эл-Шаарави, Карлес Перес, Борха Майораль рақобатлашмоқда. Улар қаторига дебют ўйинида мураббийлар штабида яхши таассурот қолдирган Феликс Афена-Гьян қўшилди. Энди тасаввур қилаверинг, Кавани ва Инсинье ёки улар даражасидаги бошқа ҳужумчи олиб келинса, ҳозирги ҳужумчиларнинг кўпига “нон” қолмайди. Абрахам келиши билан асосий таркибдаги жойни унга шундоқ бериб юборган Моуриньо ўйин амалиёти етмагани учун “Манчестер Юнайтед”дек клубни тарк этишга қарор қилган Эдинсон Кавани ёки Италия терма жамоаси етакчи ҳужумчиси Лоренцо Инсиньени захирага ўтқазиб, уларнинг ўрнига Шомуродов ёки Карлес Пересни ўйнатишини кутмаса ҳам бўлаверади.
“Рома” ҳужумида рақобат ҳақиқатан кучли. Жозе бу билан чегараланиб қолмайди. “Реал”дан ижарага олинган Борха Майораль ўзига Римда навбат тегмаслигини тушуниб етди. У қишда Мадридга қайтиб кетади. Римликлар уни 20 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмайдиган бўлди. Унга бўлган муносабат худди Элдор дуч келган вазиятга ўхшайди. Яъни, Шомуродов келгунга қадар испаниялик ҳужумчи ҳам “Рома”нинг асосий тўпурари эди. Жозе унга рақобатга киришиш имконини ҳам бермади ва шундоқ захирага михлаб қўя қолди ва қисқа фурсат бўлса-да, Шомуродовни асосий ҳужумчи сифатида ўйнатди.
Энди Майораль Мадридга қайтиб, “Реал”ни бошқараётган Карло Анчелотти эътибори ва ишончини қозонишга ҳаракат қилади. У тажрибали мураббий синовидан ўта олмаса, “Қироллик клуби” бошқа жамоага ижарага беради. Ҳозирда “Фиорентина” Борхани олишга тайёр.
“Рома” бундан буён янада кучайтирилиши аниқ. Бу вазиятда Элдор Шомуродов бор имкониятини ишга солиб, “бўрилар” орасида ўз луқмасини айириб олишига умид қилишда давом этамиз.
Фикрлар