Бу масала ўтган йили ҳам роса авж олганди ёхуд Суперлигада ҳаммани қизиқтираётган мавзу
Кеча ПФЛда йиғилиш ўтказилди. Унда Суперлига ва про лига (юқори бешталик) клублари бош мураббийлари иштирок этди. Асосий масала сифатида кейинги йил учун режалар муҳокама қилинган. Таассуфки, йиғилиш силлиқ кечмаган. “Динамо” бош мураббийи Вадим Абрамов ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев билан “айтишиб” қолган. Ўзи шундоқ ҳам уларнинг муносабати олдиндан кўнгилдагидек эмасди, бизнингча. Кечаги йиғилишда Вадим Карленович “айтишув”дан кейин залдан барвақт чиқиб кетган.
Одатда, бизда ҳар мавсум якунига яқин келаси йил учун Суперлигада жамоалар сонини 16 тага ошириш муҳокама мавзусига айланиб қолади. Йиғилишда ҳам шу нарса кўтарилган. Табиийки, Диёр Имомхўжаев ўз позициясида қатъий турган. Ҳозир Регламентга ўзгартириш киритиш кўриб чиқилмаяпти. Рости, Суперлигада клублар сони 16 тага ошириш масаласи кимдир томонидан кўтарилмаса мен ҳайрон қолардим ва бу нарса яна бўй кўрсатишни бошлади. Табиийки, бу “Динамо” ва яна лигада қолиш учун курашаётган жамоалар учун айни муддао бўлади. Лекин ҳаммаси ҳеч бир ўзгаришсиз қоляпти. ПФЛ Регламентга амал қиляпти, клублар сонини ўзгаришсиз қолдириб келяпти.
Чемпионатимизда турли йиллар давомида клублар сони турличани ташкил қилган. 2019 йилдан бери Суперлига 14 та жамоа иштирокида ўтказиб келиняпти. Айрим мураббийлар клублар сонини 16 тага ошириш ташаббуси билан чиқишяпти. Ёдингизда бўлса, ўтган йили ҳам шу масала роса авж олганди. Ҳатто, иштирокчилар сони 16 тага оширилишига ишонганлар ҳам бўлган. Барибир ҳаммаси 14 талигича қолдирилган. Диёр Имомхўжаевнинг бу масаладаги қарашлари ҳаммага маълум.
Суперлигада 16 та клуб қатнашадиган бўлса, ўз-ўзидан ўйинлар сони ҳам ошади. Лекин танганинг орқа томонига ҳам қараб қўйиш керак. Элитада 16 та иштирокчи қилинса, бу про лигага жиддий зарба бўлади. Охирги икки йилда про лигадаги интрига сезиларли даражада оширилгани, айни ҳақиқат. Чунки Суперлига учун курашадиганлар сони ошди ва ўйинлар шиддати ҳам кучайиб кетди. У ердан иккита клуб қўшиб қўйилса, интрига “синади”. Қолаверса, молиявий имкониятлар ҳам асосий ўринга чиқишини унутмаслик керак. Про лигадаги жамоаларда ҳам ўзига яраша қийинчиликлар бор. Ўзи, энди у ердаги савия оширилишига эришилди.
Суперлигада пастки ўринлардаги жамоалар келаси йилга 16 та бўлишини ўйламасдан, аввало ўзлари ўрнини сақлаб қолиш учун курашишлари мақсадга мувофиқ, аслида. Бизда эса доим шунақа: про лига манзили кўриниб қолган маҳалда дарров жамоалар сонини ошириш кераклиги ҳақида айтишни бошлайдилар. Ҳа, бу масалада ҳар ким ўз фикрини билдиришга ҳақли. Аммо унга амал қилиш бошқа масала. Ҳали чемпионат тугашига 7 та тур бор. Лекин мураббийлар 16 та жамоа ҳақида ўйлашни бошлашди, назаримда.
Дарвоқе, бизга етиб келган маълумотга қараганда, келаси йили чемпионат 25 февраль санасидан старт олади. Ҳар қачонгидан эртароқ бошланадиган бўлса, клубларнинг тайёргарлиги ҳам шунга қараб бўлади. Бундан ташқари, келаси йили “ЎзПФЛ” Кубоги мусобақаси қайта тикланиши ҳам кутилмоқда. Хуллас, янги мавсум режалари бисёр. Унинг “қайноқ” муҳокамаси эса ҳозирдан бошланиб кетди. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?
Фикрлар
АО,ООО булса синаш учун кушиб куриш керак бу хаммага фойда булади кайсидир тадбиркор таваккал килиш куриш мумкин. Замон шунга караб кетяпдику доим коида устав деб епишиб олмасдан узгартириш хам килиш керак 36 млн одам учун 100 та спортчи Нима деган