"Бу мен учун жуда ноқулай ҳолат, футболчиларимга берадиган жиддий саволларим бор". "Локомотив" рақибни менсимадими ёки...

Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги гуруҳ босқичида қизиқарли ва мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турадиган ўйинларга ҳам гувоҳ бўляпмиз. 12-15 апрель кунлари гуруҳ босқичида 2-тур ўйинлари давом эттирилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири “В” гуруҳида Тошкентдаги “Локомотив” стадионида ўтказилди. Суперлига вакили бу сафар про лига қатнашчиси саналадиган Жиззахнинг “Зомин” клубини қабул қилди. Ушбу баҳс тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Рости, кўпчилик ушбу баҳснинг бу қадар очиқ, кескин ҳамда қизиқарли ўтишини кутмаганди. “Локомотив” ўтган турда АГМК билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Бу гал эса темирйўлчилар жуфтликда яққол фаворит эди. Шунинг учун бўлса керак, Денис Коростиченко жамоасининг ғалабасига ишонганлар кўп эди. Бироқ илк турда “Хоразм” устидан ишончли ғалабани қўлга киритган “Зомин” Тошкентга шунчаки келмаганини амалда кўрсатиб қўйди.

Ўйин шундай кечдики, про лига жамоаси мезбонларга очиқ футболни таклиф қилди. Аввалига “Зомин” ҳисобни очди. Кейин мезбонлар бунга иккита гол билан жавоб қайтардилар. Лекин жиззахликлар таслим бўлмади ва иккинчи голни ҳам киритишди. Уларда учинчи голни уриш учун ҳам яхши имкониятлар бўлди. Худди шундай ҳолат “Локо”да ҳам кузатилган бўлиб, вазиятлардан фойдалана билмадилар. Шу тариқа, “Локомотив” ўз майдонида про лига клубини мағлуб эта олмади.

денис3_3

Бу борада мезбон жамоа устози Коростиченко Sports.uz мухбирига бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

- Жуда асабий ўйин бўлди. Беллашув давомида рақибга кўплаб ҳужумлар уюштириш имконини бердик ва улар ўз имкониятларидан фойдаланишга эришдилар. Мен учун бу ўта ноқулай ҳолатдир. Намойиш этган ўйинимиздан ва қайд этилган натижадан хафаман. Бунга фақат ўзимиз айбдормиз холос. Футболда гоҳида шундай вазиятлар ҳам учраб туради. Аммо биз бундай ҳолатдан чиқиб кетишимиз керак, - деди Денис Владимирович.

Яна шуни ҳам айтмоқчимизки, балки “Локомотив” футболчилари рақибга нисбатан етарлича баҳо бермагандир, уларни менсимаган бўлиши ҳам мумкин, шундай эмасми? Футболда эса бу каби ҳолатлар тез-тез учраб туради.

- Айтиш керакки, рақиб бизга қарши жуда яхши тўп сурди. Биз уларнинг қандай ўйнашини билардик. Шунга қарамасдан, беллашув давомида бир қанча хатоларга йўл қўйдик ва натижада рақиб бундан фойдаланиб қолди, - дея бу вазиятга муносабат билдирди, мураббий.

денис4_4

Шундай қилиб, гуруҳда “Локомотив” кетма-кет иккита учрашувда дуранг ўйнади. “Зомин” бўлса, юқорида айтганимиздек, бир ғалаба ва бир дурангга эришди. “Локо” гуруҳдан чиқиш имкониятини охирги турга қолдирди. Лекин рақибларни ўйини ҳам таъсир қилиши мумкин. Қизиқ, аслини олганда, “темирйўлчилар”да Кубок учун жиддий мақсад қўйилганми ёки бу мусобақага унчалик аҳамият қаратишмаяптими?

- Биз икки бор дуранг ўйнадик. Кубок мусобақасида рақобат анча кучли. Навбатдаги ўйинни энди яхши ўтказишдан бошқа чорамиз йўқ, - деди Коростиченко.

денис2_2

Мезбонларга очиқ футболни таклиф қилган “Зомин”нинг ўйини ҳам анча қизиқарли кўринди. Ҳар ҳолда про лига вакили бўлса-да, уларда иштиёқ анча юқори эди. “Локо” устозидан рақиб ўйини қанчалик ёққани ва ўзининг қайси ўйинчиларига эътирози борлиги ҳақида сўраганимизда шундай деди:

- “Зомин”ни қўлга киритилган очко билан табриклайман. Улар учрашувда жуда хавфли кўринишди. “Зомин”га кейинги ўйинда ҳам яхши натижани тилаб қоламан.

Аниқ бир футболчига нисбатан эътирозим йўқ, аммо жамоавий ўйинимиз борасида футболчиларимизга берадиган жиддий саволларим етарли.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!