"Бу мен учун янги чақирув". Йован Жокич "Навбаҳор"нинг таклифига қандай рози бўлди?
29 ёшли сербиялик ярим ҳимоячи Йован Жокич “Навбаҳор” сафига биринчилардан бўлиб кўчиб ўтган ўйинчига айланди. Бу легионер мухлисларимиз учун жуда яхши таниш. Охирги икки йилдан буён АГМКда тўп суриб, бу клуб билан бронза медални қўлга киритди.
Чемпионатимизда 2018 йилдан бери фаолият кўрсатмоқда. “Локомотив”да ҳам тўп сурганини биламиз. “Навбаҳор” эса Жокичнинг мамлакатимиздаги учинчи клубига айланди.
Бабаяннинг илк трансфери Жокич бўлишини кўпчилик кутмаганди. Демак, янги мавсумда Йован “Навбаҳор” бош мураббийининг режасида муҳим ролни бажаради. Наманганликлар тез орада навбатдаги янги трансферларни эълон қилади, бу аниқ.
Жокич АГМКдаги фаолияти орқали ўз даражасини кўрсатди. Қолаверса, у Transfermarkt сайти талқинига кўра, чемпионатимизнинг энг қиммат легионери бўлиб турибди. Йованнинг трансфер нархи 750 минг еврони ташкил этмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Навбаҳор” дастлабки харид сифатида сифатли ўйинчини қўлга кирита олди. Наманганликлар Жокич билан расман келишувга эришилганини эълон қилганидан кейин Sports.uz мухбири дарҳол сербиялик легионер билан боғланди. Табиийки, футболчи янги жамоага ўтганидан кейин ўзининг илк фикрларини сайтимиз ўқувчилари учун билдирди.
- Йован, сизни “Навбаҳор” клубига кўчиб ўтганингиз билан табриклайман. Бизга барчаси жуда тез содир бўлганга ўхшади. Сизга ҳам шундай туюлдими?
- Табрик учун миннатдорман. Тан оламан, ҳаммаси жуда тез содир берди. Аммо бунинг барчаси футболда рўй берадиган ҳолатлар.
- Аслида АГМКдан кетишни режалаштираётганмидингиз?
- Ўзингиз яхши биласиз, менинг жамоа билан тузган шартномам якунига етиши биланоқ, хоҳлаган жойимга кетишим мумкин эди.
- Айтинг-чи, Самвел Бабаян билан музокаралар қандай кечди? Унинг таклифи сизни ўйлантириб қўйдими?
- Бир-биримизни яхши биламиз. Чунки биз “Локомотив” клубида бирга ишлаганмиз. Ўшанда ҳам барчаси жуда яхши кетаётганди. Ҳар доим янги клубга ўтаётганимда бўлгани каби бу сафар ҳам ўйлаб кўришим керак эди ва якунда биз бир тўхтамга келдик.
- Йован, бир неча йилдан бери Ўзбекистон чемпионатида тўп суриб келяпсиз. Масалан, “Локомотив” ҳамда АГМКдаги фаолиятингизни биламиз. “Навбаҳор” эса сиз учун янги клуб. Мабодо, бошқа мамлакатлардан ҳам сиз учун таклифлар бўлмадими?
- Ҳа, менга таклифлар бўлганди. Лекин ҳозирча ўзим ўйнаётган мамлакатни ўзгартирмасликка қарор қилдим. Ишонч билан айтаманки, Ўзбекистонда ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.
- Энди “Навбаҳор” билан қандай соврин ютиш ҳақида ўйлаяпсиз?
- Буни сизга айта олмайман. Лекин биз юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Бизни жойимиз тепада.
- АГМК билан қандай хайрлашдингиз?
- Ҳаммаси аъло даражада. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен АГМК жамоасига миннатдорлигимни билдиришим жоиз. Клубда барчаси яхши даражада бўлганини айтмоқчиман.
- “Навбаҳор” клубини фаолиятингиздаги янги чақирув, десак бўлади. Бу фикрга сиз ҳам қўшиласизми?
- Тўғри айтдингиз, бу мен учун янги чорлов. У ерда барчаси яхши бўлади, деб умид қиламан.
- АГМК билан кетма-кет икки марта бронзани ютдингиз. Табиийки, бундан қониққан бўлсангиз керак-а?!
- Боя айтганимдек, АГМКда жуда яхши даврларни ўтказдим. Бунинг учун уларга яна бир бор раҳмат айтмоқчиман. АГМКга омад тилаб қоламан.
- “Навбаҳор” мухлисларига қандай гапингиз бор?
- Ҳаммасини майдонда кўрсатамиз.
Фикрлар