Бу "Нефтчи"нинг энг яхши ўйиними? "Металлург"нинг заиф томони нимада эди? Фарғоналиклар чемпионлик учун курашадими? Бош мураббий қандай жавоб берди?
Суперлига карвони йўлга тушди ва 3 март куни дастлабки иккита ўйин бўлиб ўтди. Ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси Бекободда “Металлург”га қарши майдонга тушди.
Ҳужумкор ва қизиқарли тарзда ўтган учрашувда “Нефтчи” 0:3 ҳисобидаги муҳим ғалабани қўлга киритди. Шу тариқа, Виталий Левченко бошчилигидаги фарғоналиклар мавсумга йирик ҳисобдаги ғалаба билан кириб келдилар. Учрашувдан сўнг Sports.uz мухбири Левченко билан боғланди.
- Виталий Григорьевич, Бекободдаги ғалаба билан табриклайман. Ўйин сизда қандай таассурот қолдирди?
- Бу баҳорги ўйин бўлди. Биз унга яхши тайёргарлик кўргандик. Фурсатдан фойдаланиб қишки тайёргарлик чоғида бизга жуда қулай шароит яратиб берган вилоят ҳокими Ҳайрулло Ҳайитбоевич Бозоровга миннатдорчилик билдирамиз. Ўйин томондан олиб қараганда, биз ғалабага ҳақли равишда эришдик.
- Учрашувдан олдин жамоангизнинг 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишини ўйлаганмисиз?
- Биз рақибнинг ўйинини ўрганган ҳолда унинг заиф томонлари ҳақида йигитларга айтгандик ва мен бундай маълумотдан яхши фойдаланишгани учун йигитларимизга миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман.
- “Металлург”нинг кучли томони нимада эди ва рақиб сиз кутган ўйинни кўрсата олдими?
- “Металлург” худди биз олдиндан тахмин қилганимиздек, ўйинни узун паслар оширган ҳолда Обрадовичга таяниб, ташкил этди. У ўз навбатида иккинчи тезкор ҳужумчи сифатида бу узатмаларга таяниб ўйин кўрсатиши керак эди.
- Учрашувнинг қайси пайтида жамоангизнинг ғалабасини тўлиқ ҳис қилдингиз?
- Финал хуштаги чалингач, ғалаба қозонганимизни ҳис қилдим.
- Иккита гол урган Умар Адхамзода учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз?
- Ҳа, у ўз ўйини билан бундай номга ҳақли эканлигини намойиш эта олди.
- Нима деб ўйлайсиз, бу “Нефтчи”нинг энг яхши ўйини бўлдими?
- Худо хоҳласа, умид қиламанки, энг яхши ўйинларимиз ҳали олдинда.
- Жароҳат олган Лутфулла Тўраев қачон майдонга қайтади?
- Умид қиламанки, у жароҳатдан тезроқ фориғ бўлиб, сафга кутганимиз даражасида қайта олади.
- Анталиядаги 42 кунлик йиғин ўзининг ижобий таъсирини кўрсатишни бошладими?
- Ҳа, ўша йиғинлар энди ўзининг самарасини бермасдан қўймайди. Биз тайёргарлик режасини жуда яхши ташкил этгандик.
- Умуман айтганда, “Нефтчи” чемпионлик учун тайёрми?
- Буни янги бошланган жорий чемпионат кўрсатиб беради. Якуний натижа қандай бўлишини эса зиммамизга юклатилган вазифани қай даражада бажара олишимизга боғлиқ. Ўз ўрнида ўзимиздан кутилган ҳамма ишни бажаришга ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар