"Бу охирги имкониятимиз эди" ёхуд Илёс Қурбонов Бердиевнинг гапига қандай жавоб қайтарди?

Суперлигада 25-тур ортда қолди. "Металлург" "Сурхон"ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг жамоа мураббийи Илёс Қурбонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- "Сурхон" жамоаси нималарга қодир эканлигини билар эдик. Улар чемпионатдаги энг тартибли ва ҳужумкор футбол ўйнайдиган жамоа. Режамиз иш берди. Эртароқ вазиятдан фойдаланиб ҳаммасини ҳал қилишимиз ҳам мумкин эди. Бу лигада жон сақлаб қолиш учун охирги имкониятимиз эди. Агар мағлуб бўлганимизда, тақдиримиз ҳал бўлар эди. Ўтган сафар айтганимдек, жанг охиригача бўлади. Қаршида ҳам муносиб ҳаракат қилмоқчимиз.

- Кучеренко ҳимоя ва ҳужумда бирдек ҳаракат қилди. Унинг тақдири нима бўлади?

- У аввалги ўйинларда ҳам мудофаа чизиғида ёрдам берган. "Сурхон" кўп ҳолларда юқорига чиқиб боргани боис, Кучеронкога тўпни рақиб ўзлаштирмасидан олдин ёпишини сўраган эдик. У берилган вазифани мукаммал бажарди. Унинг биз билан яна бир йиллик шартномаси бор. Ҳаммаси ўрнида бўлса, бизга келаси мавсумда ҳам ёрдам беради.

- Йосовичнинг аҳволи қандай?

- Унда жароҳат бор. 2 ойдан бери даволанмоқда. Бизда ҳужум вариантлари орасида қарши ҳужумга мос тушадиган ижрочиларга эътибор қаратдик. 

- Сизнинг ишингизни ижобий баҳолашмоқда. Ўзингизни қайси услубдаги мураббий деб ҳисоблайсиз?

- Исталган мураббий таркибида бор футболчилардан келиб чиқиб ўйин қуради. Агар ҳужумкорликни яхши кўрадиган футболчилар бўлса, ҳужумкор футбол ўйнайди. Биз марказдаги ижрочиларимизга ишонган холда, қарши ҳужумда ўйнашга ҳаракат қиламиз. Европага келадиган бўлсак, Гвардиоланинг "Манчестер Сити"си менга манзур келади. 

- Бердиев "Нефтчи" билан ўйиндан кейин "Металлург"га қарши ёшлар билан тўп сурамиз деб айтди?!

- У инсон билан Қаршида 4 йил бирга ўйнаганмиз. "Насаф" – чемпион жамоа. Уларда иккита бир хил таркиб бор. Хатто, ёшлари асосий таркибдагилардан кўпроқ иштиёқи бўлади. Осон ўйин бўлмайди, бироқ биз ғалаба учун чиқамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!