Бу ўйинчини Манчестер ва Мадрид суперклубларига қолдирамиз!

Англия Премьер-лигасида пешқадамқилик қилаётган “Арсенал” клуби раҳбарияти “Ньюкасл” ярим ҳимоячиси Сандро Тоналини сотиб олишга бўлган қизиқишидан воз кечди.

Бу ҳақда Chronicle Live нашри хабар берди.

Қишки трансфер ойнаси охирида “канонирлар” оғир жароҳат олган Микель Мерино ўрнини босадиган футболчи қидираётган пайтда Тоналига қизиқиш билдирган эди.

Маълум қилинишича, “Арсенал”га Тоналининг “Ньюкасл”даги келажаги ноаниқ экани ва у клубини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида хабар берилган. Бироқ лондонликлар музокара бошлашга ва расмий таклиф беришга шошилмаётган эди.

Айтилишича, “Арсенал” мутасаддилари ёзги трансфер ойнаси режалари бўйича бир нечта учрашувлар ўтказган, аммо улар давомида Тоналининг номи тилга олинмаган.

Келаётган ёзда “Арсенал” ҳам, “Ньюкасл” ҳам молиявий фэйр-плей қоидалари босими остида бўлади. Айрим манбаларга кўра, “канонирлар” футболчи сотувларидан тушган маблағни ҳисобга олмаганда, фақат 40 миллион фунт сарфлаши мумкин.

Шу билан бирга, Тоналига “Манчестер Юнайтед” ва “Реал” ҳам қизиқиш билдирмоқда, аммо “Ньюкасл” ўзининг асосий футболчисини сақлаб қолишни истайди.

Клуб шуни ҳам яхши биладики, А Серия клублари учун 25 ёшли италиялик футболчи жуда қиммат ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!