"Бу ўйинга ортиқча таъриф шарт эмас, водий дербисида ё дуранг бўлади ёки..." - мутахассис Суперлиганинг 5-тури олдидан кимнинг имкониятини юқори баҳолади?
Суперлигамизнинг 5-тур учрашувлари остонамизда турибди. 7-10 апрель кунлари бўлиб ўтадиган ўйинларга қизиқиш катта. Бир-биридан муросасиз тўқнашувлар кутмоқда.
Айниқса, бу турда водий дербиси бор. Унда “Андижон” билан “Нефтчи” Фарғонада ғолиблик учун курашади. Ҳали ғалаба ва мағлубият нималигини билмай келаётган клублар учун ҳам бу тур муҳим. Бундан ташқари, ОКМК - "Навбаҳор" ўртасидаги шиддатли беллашув ҳам бор.
Шу боис футбол мутахассисларидан бири Жамшид Саидов 7 та жуфтликка ўз муносабатини айтди.
7 апрель
“Турон” – “Олимпик”
- Яхши ўйин бўлади. Гарчи “Турон” мезбон бўлишига қарамай, “Олимпик” анча хавфлироқ. Тўғри, улар ўз уйида “Андижон”га ютқазиб қўйди. Ўша учрашувда андижонликлар яхши ҳимояланишгани учун “Олимпик” жамоасига ёриб ўтиш қийин бўлганди. Албатта, “Турон”нинг ўйини ҳам ёмон эмас. Бироқ “Олимпик”нинг кўрсататёган ўйини яхшироқ. Ё дуранг ёки меҳмонлар уч очкони қўлга киритса керак.
“Бухоро” – “Бунёдкор”
- “Бухоро”да бош мураббий ўзгарди. Бақоев жамоага янгича мотивация олиб кирса ажаб эмас. “Бунёдкор” чемпионатни яхши бошлади. Ҳали ютқазгани йўқ. Майдонда жиддий жанг кечади. Назаримда, имкониятлар тенг.
8 апрель
“Сўғдиёна” – “Металлург”
- “Сўғдиёна”да ҳам бош мураббий янгиланди. Янги келган Иван Бошкович жамоага ўзининг ўйин услубини сингдиришга ҳаракат қилади, албатта. “Металлург”га қараганда, “Сўғдиёна”нинг ўйини қизиқарлироқ. Гарчи жиззахликлар 4 та учрашувда ҳали ғалаба қозонмаган бўлишса-да, намойиш этаётган ўйини чакки эмас. Бу баҳсда “Сўғдиёна”нинг қўли баланд келади, деб ўйлайман.
“Андижон” – “Нефтчи”
- Зўр ўйин бўлади. Водий дербилари ҳар доим шиддатли ўтган. “Нефтчи” турнир жадвалида пешқадамлик қиляпти. Шунга яраша чемпионатни яхши бошлади. Бу ўйин Фарғонада бўлади, аммо билишимча номинал мезбон “Андижон”. Ўтган турда “Олимпик” майдонида қўлга киритилган ғалаба андижонликларнинг руҳиятини янада кўтариши аниқ. Ўйлашимча, дербида дуранг бўлади ёки “Андижон”нинг қўли баланд келади.
9 апрель
ОКМК – “Навбаҳор”
- Бу баҳсга ортиқча таъриф шарт эмас. Совринли ўринлар учун курашаётган икки жамоа ўртасидаги учрашув ҳужумкор ўтиши аниқ. Рости, кимнидир имкониятини юқори баҳолашим қийин. Томошабоп учрашув бўлади. Менимча, кучлар тенг келади.
“Насаф” – “Сурхон”
- Бу ўйинда “Насаф” фаворит ва буни амалда ҳам исботлайди. Мезбонларнинг ютуғига ишоняпман. Тўғри, “Насаф”нинг ўйинида айрим камчиликлар йўқ эмас. Аммо улар “Сурхон”дан ҳар томонлама кучли.
10 апрель
“Пахтакор” – “Қизилқум”
- “Пахтакор” ғалаба қозонади. Улар ўз ўйинини топиб боряпти. Дастлабки иккита мағлубиятдан сўнг етарлича хулосаларни чиқаришди. Максим Шацких жамоаси кучайиб бораверади. “Қизилқум”ни кузатдим, ўйинида нимадир бор деб айта олмайман. Ўтган турда “Насаф”ни қабул қилиб биринчи бўлиб гол уришди. Аммо ўша учрашувда ҳам “Насаф” “Қизилқум”га қараганда яхшироқ ўйнади. Айтмоқчиманки, “Пахтакор”га қарши баҳсда майдон эгаларига кучи етмайди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар