Бу тасодиф эмас! Ўзбекистонга қандай баҳо берилди?

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Жаҳон чемпионати бошланди ва Марказий Осиёдаги мухлисларнинг алоҳида эътибори тарихда илк бор мундиалда иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоасига қаратилган. Қозоғистон Профессионал футболчилар уюшмаси бошқаруви раиси Олжас Абраев журналистлар билан суҳбатда ўзбек жамоасининг муваффақият сабаблари ва дебют жаҳон чемпионатидаги имкониятлари ҳақида гапирди.

Тўрт йилликнинг энг муҳим футбол воқеаси – футбол бўйича жаҳон чемпионати тарихида илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади. Турнир дебютантлари қаторида Иордания, Кабо-Верде, Кюрасао ва Ўзбекистон бор.

“Жаҳон чемпионати–2026”да Ўзбекистон терма жамоаси “К” гуруҳида ўйнайди. Жамоа рақиблари Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси бўлади.

Ўзбекистонликларнинг жаҳон чемпионатига тарихий йўлланмаси кўплаб экспертлар томонидан мамлакатда сўнгги йиллар давомида олиб борилган тизимли ишнинг мантиқий натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Қозоғистон Профессионал футболчилар уюшмаси бошқаруви раиси Олжас Абраев ҳам шу фикрда.

Бу мутлақо қонуний натижа. Қўшниларимизда ривожланиш стратегияси бор ва улар унга изчил амал қилмоқда. Барча қадамлар мамлакат футболида тизимли ривожланишга қаратилган бўлиб, мантиқий ва пухта ўйланган кўринади, - деди Олжас Абраев.

Экспертнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатда инфратузилма ва болалар-ўсмирлар футболи фаол ривожлантирилган.

Айнан шу ишлар ўз самарасини бера бошлади. Ўзбекистон ёшлар жамоалари халқаро майдонда мунтазам равишда жиддий муваффақиятларга эришмоқда. Масалан, 17 ва 20 ёшгача бўлган терма жамоалар кўпинча жаҳон чемпионатларининг финал босқичларида иштирок этади, - деди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, бугунги ютуқлар учун пойдевор бир неча йил давомида қўйилган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси асос сифатида инфратузилма ва болалар-ўсмирлар футболига эътибор қаратди. Сўнгги бир неча йил ичида мамлакатда етарлича янги стадионлар қурилди, болалар футболи ривожига алоҳида аҳамият берилмоқда, - деди Абраев.

Эксперт фикрича, объектив омиллар ҳам муҳим роль ўйнаган.

Ўзбекистон иқлими йил давомида табиий майдонларда футбол билан шуғулланиш имконини беради. Ёш футболчиларнинг рақобат кучли бўлган чемпионатларга йўл олаётгани ҳам футбол ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Тизимлиликмуваффақият сари йўлдир, -  деб ҳисоблайди у.

Мутахассис алоҳида равишда ассоциация раҳбарларидан бирининг ҳиссасини ҳам таъкидлади.

Бу ютуқларда Равшан Ирматовнинг ҳам улкан ҳиссаси бор. Равшан Сайфиддинович катта тажрибага ва футболни чуқур билишга эга менежердир. У ўзини билимдон ва юқори малакали мутахассис сифатида намоён қилган, - деди Қозоғистон Профессионал футболчилар уюшмаси бошқаруви раиси.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Ўзбекистон “К” гуруҳидан жой олган. Футболчиларимиз 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 7:00 да Луис Диас ва Хамес Родригес етакчилигидаги Колумбия терма жамоасига қарши биринчи учрашувини ўтказади.

Иккинчи турдан ўрин олган учрашув 23 июнь куни соат 22:00 га белгиланган. Унда миллий терма жамоамиз Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия билан куч синашади.

Гуруҳдаги охирги баҳс 28 июнь соат 4:30 да Конго Демократик Республикаси футболчиларига қарши ўтказилади.

Ўзбекистон — Колумбия ўйини бошланмай туриб, мундиалда мутлақ рекорд ўрнатди

АҚШ нега айнан Ўзбекистон терма жамоасини қаттиқ текширди?

Шомуродов бўйича расмий музокара бошланди. “Башакшеҳир” қанча сўраяпти?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!