Шомуродов бўйича расмий музокара бошланди. “Башакшеҳир” қанча сўраяпти?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Истанбул Башакшеҳир” ҳужумчиси янги мавсумни Суперлиганинг энг қудратли клубларидан ҳисобланган “Фенербаҳче”да бошлаши мумкин. Сайтимиз орқали ушбу клуб хўжайини Азиз Йилдирим ўзбек легионерига шахсан эътибор қаратгани ҳақида маълум қилган эди.
Туркия матбуотининг ёзишича, 12 йилдан бери мамлакат чемпионлигига эриша олмаётган “Фенербаҳче» Элдор Шомуродовни қўлга киритиш учун жиддий ҳаракат қилмоқда.
Нуфузли манбалардан бири – politikam.com сайтининг ёзишича, “Фенербаҳче” мутасаддилари “Истанбул Башакшеҳир” клуби билан якунланган мавсумда тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган юлдуз футболчи трансфери бўйича расмий музокараларни бошлаб юборди.
Қуйида ушбу трансфернинг тафсилотлари келтирилган.
“Фенербахче”нинг трансфер “бомбаси”: Шомуродов учун катта қадам!
Янги мавсум олдидан таркибни қайта шакллантириш ва ҳужум чизиғини кучайтиришни мақсад қилган “Фенербаҳче” трансфер рўйхатига кутилмаган номни киритди. Маълум бўлишича, истанбулликлар раҳбарияти Туркияда дебют мавсумдаги ўйини билан эътиборни тортган “Башакшеҳир” клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшмоқчи.
44 ўйинда 23 гол: Барқарорлик тимсоли
30 ёшли футболчи якунланган мавсум давомида ҳам чемпионатда, ҳам мамлакат кубоги баҳсларида “Истанбул Башакшеҳир” жамоасининг асосий ҳужум кучи бўлди.
Шомуродов 2025-2026 йилги мавсумда барча турнирларда 44 та учрашувда иштирок этиб, 23 та гол урди ва ўз фаолиятидаги энг самарали даврлардан бирини ўтказди.
Айниқса, унинг гол уриш маҳорати ва жарима майдонидаги жисмоний устунлиги катта таассурот қолдирди. Шу сабабли ўзбекистонлик форвард “Фенербаҳче” ҳужум чизиғидаги ротация учун кучли номзод сифатида баҳоланмоқда.
“Фенербаҳче”нинг трансфер стратегияси
Хабарларга кўра, “Фенербаҳче” клуби спорт бўлими Элдор Шомуродовдан жамоада “учинчи ҳужумчи” сифатида фойдаланишни режалаштирмоқда. У асосий форвардларга муқобил вариант ва рақобатчи бўлиши кутилмоқда.
Бироқ “Башакшеҳир” тўпурар футболчининг трансфер баҳоси юқори бўлишига умид боғламоқда. Манбаларга кўра, клуб 30 ёшли ҳужумчи учун тахминан 10 миллион евро талаб қиляпти.
“Башакшеҳир” билан трансфер жараёни
Шомуродов ўтган йилнинг ёзида 3 миллион евро эвазига “Рома”дан бир мавсумга ижарага олинган эди. “Башакшеҳир” келишувга кўра, мавсум охирида Шомуродовни яна 2,8 миллион евро тўлаб, тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқидан фойдаланди.
Transfermark порталида ўзбек ҳужумчиси ҳозирги жамоаси билан 2029 йилнинг 30 июнигача давом этадиган шартнома тузгани қайд этилган. Бу портал экспертлари Шомуродовнинг мавсум давомидаги сермаҳсул ўйинини инобатга олиб, унинг трансфер қийматини беш миллиондан 7 миллион еврога кўтарди.
Эндиликда “Фенербаҳче” ўз мақсадини амалга ошириш учун яқин кунларда ҳамшаҳарлари билан ўзбекистонлик футболчи бўйича расмий музокараларни давом эттириши кутилмоқда.
Элдор Шомуродовнинг ҳам марказий ҳужумчи, ҳам икки қанот ҳужумчиси сифатида ҳаракат қила олиши “Фенербаҳче”нинг олдинги чизиғида кўп қиррали имкониятларни очиш режаларига тўлиқ мос келмоқда.

Фикрлар