"Бу умуман бошқача жуфтлик, "даҳшатли" ўйин бўлади" - Ислом Аҳмедов Ўзбекистон Кубоги ярим финал олдидан жамоаларнинг имкониятини баҳолади
4 та жамоамиз Ўзбекистон Кубоги финали остонасида турибди. Улардан 2 таси ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушади. Унгача эса ярим финал тўсиғидан ўтиб олишлари керак.
Билсангиз керак, 19 октябрь куни Қаршида “Насаф” – “Динамо”, Олмалиқда эса ОКМК – “Навбаҳор” ўртасидаги қизиқарли учрашувлар ўтказилади. Иккала учрашувга ҳам эътибор юқори.
Юртимиздаги таниқли мутахассислардан бири, ҳозирда Қирғизистоннинг “Абдиш-Ата” клубига бош мураббийлик қилаётган Ислом Аҳмедов ярим финаллар олдидан шундай деди:
“Насаф” – “Динамо” учрашувида мезбонларнинг имкониятини юқори баҳолайман – 80\20. Нимага деганда, “Насаф” жамоаси ҳозирги пайтда жуда ажойиб ўйин кўрсатяпти. ОКМК – “Навбаҳор” – бу умуман бошқача жуфтлик. "Даҳшатли" ўйин бўлади. Ўйлайманки, ушбу учрашувда “Навбаҳор”нинг қўли баланд келади. Ҳа, қийин бўлади. Лекин наманганликлар ҳам охирги пайтларда яхши ўйинлар кўрсатишяпти”.
Ярим финалга чиққан жамоалар орасида биргина “Динамо” про лига вакили ва қолгани Суперлига етакчилари ҳисобланади. Буни кўпчилик кутмаган бўлса ҳам керак-а? Қолаверса, самарқандликлар Кубок йўлида “Пахтакор”ни ҳам доғда қолдирди. Бу хусусида Ислом Аҳмедов қуйидагича муносабат билдирди:
“Албатта, “Динамо” жамоасини ҳам табриклаш керак. Чунки улар Суперлигага чиқиш вазифасини бажардилар. Ўзбекистон Кубоги доирасида “Пахтакор”ни ютди ва мусобақадан чиқариб юборди. Шубҳасиз, бу ажойиб натижа. Бироқ кўряпсизку, бу йил “Пахтакор” битта учрашувда яхши ўйин кўрсатса, кейингисида бунинг акси бўляпти. Яъни, бу жамоада барқарорлик деган нарса йўқ. ”Насаф” эса ҳозир жуда яхши формада. Осиё Чемпионлар лигасида қандай ажойиб ўйинлар кўрсатаётганини кўряпмиз. Шунинг учун ўйлайманки, нима бўлганда ҳам “Динамо”га жуда оғир бўлади. Барибир фарқи катта”.
Хўш, финалда ким қайси жамоани кўрмоқчи? Албатта, бу борада гап кетганда ҳар кимнинг тахминлари турлича. Аҳмедов эса ушбу масалада ҳам фикр билдириб ўтди.
“Финалда қайси жамоаларни кўряпман? Ҳал қилувчи беллашувда “Насаф” билан “Навбаҳор”ни кўрамиз. Ўйлайманки, шу учрашувда фаворит “Навбаҳор” жамоаси”.
Шунингдек, тажрибали мутахассис Кубок ярим финалларида ғолиб асосий вақтда аниқланадими ёки қўшимча вақтлар ё пенальтилар сериясини кутяптими?
“Ярим финалларда қўшимча вақтларни кўрамизми? Менимча, “Насаф” – “Динамо”да ҳаммаси 90 дақиқа ичида ҳал бўлади. ОКМК – “Навбаҳор” ўртасидаги учрашувда қўшимча бўлимларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Нимага деганда, иккала жамоа ҳам кучли”.
Шу билан бирга ярим финалга Ислом Аҳмедов кутган жамоалар етиб келишдими ёки у кутмаган клублар ҳам борми?
“Бу Кубок. Агар чемпионат тўғрисида гапирсак, бу ўз-ўзидан тушунарли. Кубок эса умуман бошқа мусобақа. У ерда характер керак. Финалгача кимлар етиб келса, ўша клублар энг кучлиларидир”, - дейди Ислом Аҳмедов.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар