Бугун "Мавсум-2026"га старт берилади. Илк турда бизни қандай ўйинлар кутмоқда?

Бугун “Мавсум-2026”га старт берилади. Биринчи тур 27 февралда бошланиб, 1 март санасида якунига етади. Эътиборингизга, дастлабки тур жуфтликлари ҳақида тўхталамиз.

27 февраль

18:00. “Бухоро” - “Қўқон-1912”

Янги футбол мавсумининг илк ўйини Бухорода бошланади. Александр Хомяков бошчилик қилаётган “Бухоро” ўз майдонида “Қўқон-1912” клубини қабул қилади. Қўқонликларнинг янги бош мураббийи Андрей Шипилов учун бу илк имтихонга айланади. У ўз лавозимидаги дебют ўйинини ўтказади. “Қўқон-1912” ҳам таркибини бир мунча сифатли ўйинчилар билан тўлдирди. Ўтган йили “Бухоро” шарафини ҳимоя қилган грузилиялик ҳужумчи Тома Табатадзе энди қўқонликлар сафида ўйнайди ва собиқ жамоасига қарши майдонга тушади. Жамоалар эхтиёткор ўйин кўрсатиши ва битта голгача давом этиши мумкин.

18:45. “Андижон” - “Сўғдиёна”

Ўз олдига катта мақсадларни қўйган ва таркибини номдор ўйинчилар билан кучайтирган “Андижон” “Бобур арена”да Самвел Бабаян бошчилигида Суперлигадаги илк ўйинида майдонга тушади. Жиззахнинг “Сўғдиёна”сига қарши ўтадиган беллашувга қизиқиш катта. “Бобур арена”даги очилиш учрашувида қанақа муҳит бўлишини ҳозирдан тасаввур қилиш қийин эмас. Андижонлик футбол ихлосмандлари кучайган жамоасининг ўйинини кўришни интиқлик билан кутишмоқда.

19:00. “Пахтакор” - “Қизилқум”

Тошкентда “Пахтакор” клуби Навоийнинг “Қизилқум” жамоасини қабул қилади. Чемпионлик учун доимгидек давогарлар қаторида тилга олинадиган “Шерлар” учун балки қулай рақиб дуч келганлиги айтилаётгандир. Аммо “Қизилқум” бош мураббийи Акмал Рустамов кучли рақибга сюрприз тайёрлаётганга ўхшайди.

28 февраль

18:45. “Нефтчи” - “Машъал”

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони - “Нефтчи” “Истиқол” стадионида мавсумнинг очилиш ўйинида Муборакнинг “Машъал” жамоасини қабул қилади. Албатта, фаворит майдон эгалари, бунга шубҳа йўқ. Таркиб ва ўйин томонидан ҳам “Нефтчи” кучли. “Машъал” таркибини ўз имкониятидан келиб чиқиб шакллантиришга ҳаракат қилди. Бош мураббийликка россиялик Игорь Суров таклиф қилинди. Унинг илк учрашуви фаворит клубга қарши ўтиши албатта қўшимча қийинчилик ва муаммоларни туғдириши табиий. Шунингдек, “Нефтчи”нинг янги бош мураббийи Ислом Исмоилов учун ҳам бу алоҳида аҳамиятга эга. Унинг учун ҳам бу дебют ўйин саналади. “Нефтчи” ўз ўйинини кўрсатиб, рақиб кучига тўғри баҳо берадиган бўлса, мухлисларини хурсанд қила олади.

19:00. “Локомотив” - “Сурхон”

Про лигадан Суперлигага қайтган “Локомотив” илк турни “Сурхон”га қарши ўтказади. Бир-бирига мос ва муносиб рақиблар тўқнашувида имкониятлар албатта тенг. “Локо” таркибини “кекса” тажрибали футболчилар ҳисобига кучайтирди. “Сурхон” қайсар жамоа ва анча-мунчага енгилгиси келмайди. Бу ўйин ҳам қизиқарли ўтиши кутилмоқда.

19:15. “Динамо” - “Навбаҳор”

1-турнинг марказий ўйини Самарқандда “Динамо” ва “Навбаҳор” ўртасида ўтказилади. Вадим Абрамов ҳамда Тимур Кападзе ҳужумкор футболни ёқтиришади. Уларнинг жамоалари бир хил мақсад ва вазифага эга. Стадионда аншлаг бўлиши катта эҳтимол. Совринли ўринлар учун курашишга бел боғлаган бу жамоалар илк турданоқ очко йўқотмаслик ва илк ғалаба учун курашишади ҳамда хато қилмасликдан кўра айнан мақсадига эришиш устивор вазифага айланади. Жуда қизиқарли ўтиши шубҳасиз.

1 март

19:00. ОКМК - “Бунёдкор”

Тошкент дербисида ОКМК - “Бунёдкор” тўқнашувига гувоҳ бўламиз. “Бунёдкор” очиқ ва қувноқ жамоа. Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК эса бу йил бир мунча ёшарди. Шу боис олмалиқликларнинг янги мавсумда қандай ўйин намойиш қилишини кузатиш ҳам қизиқ бўлади.

19:15. “Насаф” - “Хоразм”

Рўзиқул Бердиев жамоаси илк турни “Хоразм”га қарши ўйин билан бошлайди. “Насаф” янги мавсум учун селекцияда кутилмаганда керакли харидларни амалга оширмади. Қайтанга йўқотишларга учради. Бу йилги “Насаф” қандай бўларкин, ўйини ўзгарармикин яна медаллар учун курашармикин, деган саволлар кўп. Рўзиқул Бердиев янги ёшларни кашф қилишда давом этади. Лекин нафақат “Хоразм”, балки барча жамоа учун “Насаф” барибир хавфли рақиб бўлиб қолаверади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!