Бугун муҳим учрашув! Шомуродов Европадаги юришини бошлайди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ўйнаётган “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси янги мавсумни УЕФА Конференциялар лигасидаги расмий ўйин билан бошлайди.
Турк клуби халқаро турнирга саралашнинг иккинчи босқичидан қўшилди ва илк учрашувни ўз майдонида Финляндиянинг Турку шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган “Интер” жамоасига қарши бўладиган тўқнашув билан бошлайди.
“Башакшеҳир Фотиҳ Терим” стадионида 22 июль куни бўлиб ўтадиган учрашув Тошент вақти билан 22:45 да бошланади. Ўйинни испаниялик ҳакам Хуан Мартинес Мунуэра бошқаради.
Истанбулликлар Туркия Суперлигасида 57 очко тўплаб, 5-ўринни эгаллаган эди. “Башакшеҳир” чемпионатда 3-ўринни банд қилган “Трабзонспор” Туркия кубогини қўлга киритгани туфайли Конференциялар лигаси йўлланмасига эга бўлди.
Жамоа ўтган мавсум ҳам УЕФА Конференциялар лигасининг плей-офф босқичида қатнашиб, мусобақани кутилганидан анча эрта тарк этди. Бу гал эса, Нури Шахин шогирдлари 2026/2027 йилги Европа мавсумини гуруҳ босқичига чиқиш мақсади билан бошлайди.
Мавсумдаги биринчи расмий учрашув
“Истанбул Башакшеҳир” янги мавсумдаги илк расмий учрашувини ўз мухлислари кўз ўнгида ўтказади. Жамоа бош мураббий Нури Шахин қўл остида мавсумолди тайёргарлигини 22 июнь куни Истанбулда бошлади.
2 июлга қадар “Башакшеҳир Фотиҳ Терим” стадионидаги машғулот базасида тайёргарлик олиб борган жамоа дастлабки йиғинни Ўзбекистоннинг “Навбаҳор” клубига қарши ўртоқлик баҳси билан якунлади ва учрашувда 2:4 ҳисобида ютқазди.
Шундан сўнг “Истанбул Башакшеҳир” 5–15 июль кунлари Австриянинг Гайнберг шаҳрида йиғин ўтказди. Бу йиғин давомида жамоа “Рид” (икки марта), “Пушкаш”, “Зальцбург” ва “Краковия” клубларига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиб, ўйин амалиётини кучайтиришга ҳаракат қилди.
Таркибдаги ўзгаришлар
Ёзги трансфер ойнасининг биринчи қисмида “Башакшеҳир” таркибини уч нафар янги футболчи билан кучайтирди.
Жамоа Эдин Вишча, Эмин Байрам ва Михал Карбовник билан шартнома имзолади. Шунингдек, клуб ўтган мавсум тўпурари Элдор Шомуродовнинг шартномасидаги сотиб олиш бандини фаоллаштириб, унинг трансфер ҳуқуқларини тўлиқ қўлга киритди.
Лео Дуарте, Амин Ҳарит ва Козимжон Қоратош жамоани тарк этиб бўлди. Бундан ташқари, Дўған Алемдар “Бешиктош”га, Мигел Креспо эса “Ал-Халиж” клубига трансфер қилинди.
“Башакшеҳир” қайдномаси
Нури Шахин УЕФА Конференциялар лигасининг иккинчи саралаш босқичи учрашувлари қайдномасига қуйидаги футболчиларни киритди.
Дарвозабонлар:
- Волкан Бабажан
- Муҳаммад Шенгезер
- Дениз Дилмен
Ҳимоячилар:
- Жером Опоку
- Онур Булут
- Ҳамза Гюрелер
- Кристофер Опери
- Эмин Байрам
- Усейну Ба
- Михал Карбовник
- Ўмер Али Шаҳинер
Ярим ҳимоячилар:
- Берат Ўздемир
- Онур Эргюн
- Оливье Кемен
- Аббосбек Файзуллаев
- Беркай Ўзжан
- Умут Гюнеш
Ҳужумчилар:
- Юсуф Сари
- Дави Зельке
- Нуно Да Кошта
- Элдор Шомуродов
- Иван Брник
- Бертуғ Йилдирим
Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин қисқа муддатли дам олишдан кейин “Истанбул Башакшеҳир” таркибида бўлажак учрашувга тайёгарлик кўрди.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов УЕФА Конференциялар лигасининг ғолиби ҳисобланади. Ушбу халқаро турнир илк бор ўтказилган 2022 йилда ўзбек футболчиси “Рома” сафида ўйнаб, Конференциялар лигаси бош совринини қўлга киритган.
Тезкор! Премьер-лига клуби ўзбек футболчисига узоқ муддатли шартнома таклиф қилди
Шомуродов ФИФАдан хушхабар кутяпти
Ёлғон тарқатишни бас қил! Файзуллаевнинг собиқ жамоаси Фабрицио Романони кескин огоҳлантирди
Ўзбекистон терма жамоаси ўйини катта рекорд ўрнатди

Фикрлар