Бугун Суперлига ва Про лига ҳакамлари учун семинар ташкиллаштирилди
Бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси мажлислар залида Суперлига ва Про лига ҳакамлари учун семинар бўлиб ўтди.
Семинарни ўзига хос танқидий руҳда бошланди ва инструкторлар ўз нутқлари давомида мамлакатимизда футбол ривожланаётгани, шу билан биргаликда, унинг ривожланишида ҳакамлик алоҳида ўрин тутиши, бу борада ҳакамлардан ҳар ўйинга юқори тайёргарлик кўриш кераклиги ва ҳар бир ҳакам мунтазам равишда ишига нисбатан жиддий ёндашиши лозимлигига урғу беришди.
Семинар давомида тажрибали экспертлар томонидан тайёрланган видеороликлар ёрдамида жорий йилги Суперлига баҳсларида қайд этилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Яккакурашлар вақтидаги кескин вазиятларни ўрганиш, жарима майдончаси ичидаги қоида бузилишлари, ўйиндан ташқари ҳолатлар, қоидабузарликлар даражасини аниқлаш ва шунга кўра жазо турларини белгилаш борасида таҳлилий фикрлар айтилди.
Бундан ташқари, ўйин вақтида футболчиларнинг ўзаро ҳамда ҳакамга нисбатан муносабатлари, ФИФА томонидан янгиланган футбол қоидалари бўйича тушунча берилди.
Семинар сўнгида ҳакамларимиз иштирокида жисмоний машғулотлар ўтказилиб, ёрдамчи ҳакамларга муаммоли вазиятларда қандай чора кўриш кераклиги бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
ЎзФҲМ матбуот хизмати.
Фикрлар