Бунақаси бўлмаган! Хорижлик журналист ва мухлислар ўзбек боксчилари борасида "супер" фикрлар билдирди
Ўзбек бокс мактаби жаҳонни забт этишда давом этмоқда. Ҳаваскор йўналишда биринчи рақамли терма жамоага айлана олган бўлсак, профессионалда ҳам бир қатор юртдошларимиз дунё аҳлини лол қолдириб, ғалабали одимини давом эттирмоқда. Албатта, ушбу муваффақиятлар бутун дунё бўйлаб, ўзбек боксчиларига бўлган қизиқишни оширди ва ҳозирда ҳамюртларимиз курраи заминда миллионлаб мухлисларга эга бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Хаттоки, ўша Америка Қўшма Штатлари ва бошқа ғарб мамлакатларидаги мутахассислар ҳам мамлакатимиз вакилларини эътироф этмоқдалар. Шу нуқтаи назардан айнан бокс борасида қалам тебратадиган блогер Жалол Аҳмедов билан ҳамкорликда хорижлик бокс мутахассислари, журналист ва блогерлар ҳамда мухлислар билан Twitter тармоғи орқали ўзига хос сўровнома ўтказдик. Сўровнома қуйидаги икки саволдан иборат бўлди:
1. Ўзбек профессионал боксчилари ичида кимни келажакда машҳур юлдуз даражасига чиқади, деб ўйлайсиз?
- Ўзбек ҳаваскор боксчиларидан кимларни алоҳида эътироф этасиз ва кузатиб борасиз?
Қуйида, билдирилган фикр ва мулоҳазаларни тақдим этамиз!
Adam Abramovich (АҚШ, Филадельфия) – “The ring” va ” transmilliy” reytinglar mutahasisi, jurnalist. SB Nation
- Мен рейтингда юқорилаётган барчасини яхши билмайман. Аммо Aҳмадалиев менда жуда катта таассурот қолдирди. У юксак қобилиятга эга. Зарбаси жуда кучли ва ёввойи... Унда ажойиб оёқ ҳаракатлари бор. Жанговор руҳияти юқори!
Garry Williams - bloger
- Яқинда Aҳмадалиев машҳур юлдуз бўлади, деб ўйлайман. У ҳаваскор боксда ҳам моҳир эди ва у ҳамон ўсиш жараёнида... Жангдан жангга маҳорати сайқаллашиб бормоқда. Унинг Романга қарши чемпионлик жанги алоҳида аҳамият касб этди. Чунки бу унинг фақатгина 8-жангидаги чемпионлик унвони эди. Сўнгги бир неча йил ичида кўплаб ўзбекистонлик боксчилар менда илиқ таассурот қолдирмоқда. Улар ўз услубларини намойиш этиш баробарида ҳар қандай рақиб билан бемалол жангга киришади. Биз Муроджон Aҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Фазлиддин Ғоибназаров, Бектемир Мелиқўзиев, Исроил Мадримов ва бошқаларни ҳаваскор боксда ҳам кўрганмиз. Ўйлайманки, ҳаваскордаги муваффақиятли фаолиятидан сўнг, Баҳодир Жалолов кейинги юлдуз бўлиши мумкин. Aйниқса у Токио Олимпиадасида олтин медалга асосий даъвогар . У ҳақиқий супероғир вазн боксчиси.
Taylor OʻHiggings (Англия) – journalist, thefightsite.com
- Менимча Мадримов келажакда анча машҳур боксчи бўлади. Унинг маҳоратига қойил қолмасдан иложи йўқ. Менга Ҳасанбой Дўсматов ҳам ёқади. Аммо у нисбатан кичик вазнли эканлиги бироз қизиқишни камайтириши мумкин. Aммо Мадримовнинг келажаги порлоқ. Ҳаваскор боксда Aбдумалик Ҳалаковни алоҳида эътироф этган бўлардим. Ёш бўлишига қарамасдан жуда катта ютуқларга эришиб келмоқда. Aгарда у ўз устида ишлашдан тўхтамаса ҳаваскор боксда улкан ютуқларга эришади. Шу билан бирга менга Миразизбек Мирзахалилов ҳам ёқади. Унинг зарбага чидамли эканлиги ажойиб, у дастлаб ҳудди мағлуб бўладигандек кўринади. Аммо кейинчалик рақибга кучли босим ўтказиб юқори техникасини намоён этади ва охирида барибир ғалабага қозонади.
Phil Rogers ((Англия) - jurnalist va bloger, SouthpawBoxNews.com
- Салом Жалол. Савол учун Раҳмат! Менимча кейинги ўзбек суперюлдузи Исроил Мадримов бўлади. Сабаби, унинг нафақат таланти ва зарбалари, балки ҳар жангида жамоатчилик эътиборини торта оладиган даражада ҳаракат қила олишидир. Шу туфайли унинг услуби нафақат бокснинг ашаддий ишқибозларига балки онда-сонда кузатадиган инсонларга ҳам ёқади. Ҳаваскор ўзбек боксидан кимнидир танлаш жуда қийин. Лекин менга бу йўналишда икки ҳамюртингиз ёқади. Абдумалик Ҳалаков ва Миразизбек Мирзахалилов. Лекин улардан бирини танлаш керак бўлса, мен Ҳалаковда тўхталардим. У ёш бўлишига қарамасдан, жуда ҳам ўзига ишончи юқори, техникаси ҳамда ҳис қилиш қобилияти ҳам жуда кучли. У ҳар сафар янгича зарбаларни ихтиро қилади. Менимча у нафақат ҳаваскор боксда доминант бўлади, балки профессионал йўналишда ҳам улкан муваффақиятларни қўлга кирита олади.
Cholo (Шотландия) - Boxing Asylum Nuthouse eshittirishi muallifi, bloger.
- Менга Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов, Муроджон Аҳмадалиев ва Баҳодир Жалоловлар жуда ёқади. Лекин уларнинг барчаси суперюлдуз бўла оладими? Бу борада бир нима дея олмайман. Чунки ТОП даражага чиқиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Баъзи ўзбек ҳаваскор боксчилари профессионал йўналишда ҳам жанглар ўтказишмоқда. Бу бироз ноҳақлик назаримда... Олимпиадага йўлланма бериш турнирида иштирок этган бошқа боксчиларга нисбатан адолатсизлик деб ўйлайман. Умуман олганда, коронавирус пандемияси бартараф бўлганидан сўнг, яна улар иштирокида жангларни кузатиш ниятидаман.
Cerebral Vigilante( Греция) - jurnalist, bloger Asianboxing.com nashri
- Биринчи саволга Исроил Мадримов деб жавоб бераман. Чунки у маҳоратли, ёш ва юлдузларга хос кўринишга эга. Бундан ташқари у жангларни тез якунлашга ҳаракат қилади. Бу эса, мухлислар истаган ҳолатдир. Ўзбек ҳаваскор бокси билан унчалик таниш эмасман. Лекин Баҳодир Жалолов ТОП 5 ликдан ўрин олган ва 100 % ишонч билан айта оламанки, у қачон ва қаерда бўлса ҳам Олимпиада олтин медалини қўлга киритади.
Asianboxing.com rasmiy accountidan
- Кейинги ўзбек суперюлдузи Мадримов бўлади. Чунки унда ҳамма нарса мавжуд. Исроилнинг ҳарактери, жанг олиб бориш услуби барчага ёқади. Айниқса, унинг вазн тоифаси америкаликлар томонидан жуда яхши кузатиб борилади.
Ҳаваскор боксга у қадар қизиқишим юқори, деб айта олмайман. Лекин Баҳодир Жалолов ушбу йўналишда фаолиятини давом эттирадиган бўлса, уни танлаган бўлардим. Унда ҳам барча нарса мужассам. Маҳорат, тезлик, тажриба... Агар Жалоловни ҳисобга олмасак, Миразиз Мирзахалиловни айтган бўлардим. У сўнги икки йилда жуда яхши формага кириб олди ва бу ҳали унинг энг зўр даражаси эмас!
Lewis Watson ( Angliya) - Jurnalist Badlefthook.com, SB Nation
- Мени ҳайратга соладиган профессионал боксчилар Қудратилло Абдуқаҳҳоров ҳамда Муроджон Аҳмадалиевдир. Абдуқаҳҳоров Луис Коллазо ва Ласло Тотга қарши жангларда жуда яхши кўринган бўлса, Муроджон Даниэль Романни яққол устунлик билан мағлуб этиб, нималарга қодирлигини исботлаб берди. Аҳмадалиевда ҳаваскор боксга хос енгиллик бор. Яъни сакраб, жуда тез оёқ ҳаракатлари эвазига рақибига ҳужум уюштиради. Яққол устунлиги эса, унинг ҳужум қилиш бурчагини яхши танлашидир. Бобоусмон Батуров ҳаваскор боксчи сифатида жуда яхши кўринмоқда. У Пэт Маккормакка қарши жангда жуда кўп нарсаларни ўрганди ва унда ҳақиқий иштиёқ пайдо бўлди.
Мухлислар томонидан билдирилган фикрлар эса, янада қизиқарлироқ...
Florian - мухлис
- Мадримовнинг жанг услуби менга жуда ёқади. У кам сонли жанглар билан чемпионликка даъвогарлар қаторида бўлиб турибди. Энди эса Эрисланди Лара, Майкл Соро ёки Хейсон Росарио каби кучли боксчилар билан ҳам ўзини синаш вақти келди. Мен ишонаманки Мадримов уларни "яксон" қилади. Ҳозирда ҳаваскор боксда оғир вазнли боксчилар ичида Жалоловдек тезкор иккилик зарба берадиганини кўрмадим. У ҳали профессинал боксда ҳам яхшигина бош оғриқ бўлади.
Ioannes Paulus (АҚШ, Даллас) -мухлис
- Биринчи саволингизга шубҳасиз, Исроил Мадримов деган бўлардим. Шунингдек, Бектемир Мелиқўзиевга ҳам мухлислик қиламан. Уни зарбаси ўта кучли ва вайронкор. Умуман олганда, барча ўзбек боксчилари ажойиб! Айниқса баъзилари Жоэль Диасдек мураббий билан бирга...
L.Robo (Словакия)– мухлис
- Кейинги юлдуз Мадримов! Чунки унда портлаш қобилияти бор. Ажойиб тарздаги оёқ ҳаракатлари мавжуд ва позициясини ҳам жуда тез ва самарали ўзгартиради. Ҳаваскорда эса, Баҳодир Жалоловни айтиб ўтган бўлардим. У жуда зўр техникага эга ва элементар комбинациялардан жуда яхши фойдаланади.
Marcus Bellinger – мухлис
- Профессионал боксда Бектемир Мелиқўзиев ўз вазн тоифаси учун жуда керакли суперюлдуз бўла олади. Вазн тоифасини тез-тез ўзгартириб турадиган “Канело”ни инобатга олмаганда 76.2 кг вазнда Мелиқўзиев қўрқадиган рақибнинг ўзи йўқ. Унинг техникаси ва зарба кучининг уйғунлиги Бектемирни даҳшатли рақибга айлантиради. Ўйлайманки, у ўзига керакли бўлган жангларга эриша олади. Ҳаваскор боксда Миразизбек Мирзахалиловни алоҳида таъкидлаган бўлардим. У хақиқий машина! Мирзахалилов ҳар бир жангида иш ҳажми ва гавда ҳаракатлари билан мени ҳайрон қолдиради. Ёш ўзбеклардан эса, Абдумалик Ҳалаковда улкан салоҳият бор. Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада унинг юлдузли онлари остида кечишига ишонаман!
HH_Boxing –мухлис
- Мадримов суперюлдуз бўлади. Чунки у билан ажойиб промоутерлик жамоаси ишламоқда. Хирннинг Исроил билан боғлиқ жуда катта режалари бор. Бундан ташқари у жуда истеъдодли ва 66,6 кг ва 69, 8 кг вазн тоифасида исталган рақибни мағлуб эта олади. Иккинчи саволингизга келсак, менга Иқбол Холдоров жуда ёқади. Чунки менга чапақай, оёқда бетакрор ҳаракат қила оладиган ва алдамчи зарбалари билан ҳар қандай рақибни қийин ҳолатга солиб қўйиш баробарида очиқ жангга қўрқмай кириша оладиган боксчилар манзур бўлади. Бу жиҳатлар эса, Холдоровда мавжуд. Шунингдек, Абдумалик Ҳалаков ҳам ёш ва умидли боксчилардан биридир. У рингни яхши кўра олади ва рақибни балансда ушлаб туриб, жангни ўзининг сценарийси остида бошқара олади. Унинг имкониятлари кенг ва унда яширин қуроллар мавжуд. Яна унинг оёқ ва қўл ҳаракатлари жуда тез. Биласизми, ҳамюртларингиз орасида баъзи ёш талантлар ҳам ёқади. Мисол учун, Логин Петров, Далер Бозоров, Ҳожиакбар Маҳмудов, Умидилло Абдурасулов, Билобек Ихволов ҳамда Жаҳонгир Зокировни айтиб ўтган бўлардим.
Фикрлар