"Бунёдкор" биринчи даврадаги йирик мағлубият учун Наманганда реванш олишга қодирми?
11 ноябрь куни Coca-Cola Суперлиганинг 24-тури расман якунланади. 1-4 ноябрь кунлари 6 та учрашув ўтказилганди ва фақат “Навбаҳор” – “Бунёдкор” учрашуви бундан мустасно. Сабаби, наманганликларнинг Осиё Чемпионлар лигаси доирасида Эронда ўйини борлиги боис уларнинг “Бунёдкор” билан беллашуви 11 ноябрга қолдирилганди. Самвел Бабаян жамоаси Теҳрондаги “Озоди” стадионида “Нассажи Мазандаран”ни 1:3 ҳисобида мағлубиятга учратиб қайтди ва энди яхши кайфиятда “Бунёдкор” билан баҳсга тайёрланмоқда.
Совринли ўринларга даъвогарлик қилаётган “Навбаҳор” учун бу учрашув жуда аҳамиятли. Чемпионат тугашига икки тур қолганида “Навбаҳор”нинг ҳисобида захира ўйини билан қўшиб ҳисоблаганда учта учрашув қолган. 11 ноябрда эса ўша қолдирилган учрашувини ўтказиб олади. Айни пайтда Бабаян жамоаси 23 ўйинда 43 очко билан 3-ўринда. Ғалаба эса наманганликларни 2-ўриндаги “Насаф” билан очколарини тенглаштириб қўяди.
Ёдингизда бўлса, биринчи даврада Тошкентдаги баҳсда “Бунёдкор” қақшатгич зарбани қабул қилиб олганди – 1:5. “Навбаҳор”дан Остон Ўрунов (дубль), Игорь Голбан, Жамшид Болтабоев ва Аброр Исмоилов рақиб дарвозасини ишғол қилишганди. “Бунёдкор”дан Жасур Ҳакимов ягона голга муаллифлик қилган. Бу мағлубиятни “Бунёдкор” анчагача унута олмаса керак. Қизиқ, "Бунёдкор" ўша мағлубият учун Наманганда реванш олишга қодирми?
Умумий ҳисобда “Навбаҳор” – “Бунёдкор” беллашуви чемпионат доирасида 35 маротаба тўқнашишган. Устунлик “Қалдирғочлар” тарафида. Чунки “Бунёдкор” 21 та ўйинда “Навбаҳор”ни мағлубиятга учратган. Ўз навбатида наманганликлар 8 та баҳсда рақибидан устун келган. 6 та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 33\65 “Бунёдкор” фойдасига.
“Бунёдкор” чемпионат давомида Наманганда 7 марта ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. Жамоаларнинг илк тўқнашуви 2007 йилнинг 5 май санасида Тошкентда бўлиб ўтган. Ўшанда “Бунёдкор” “Қурувчи” номи билан бошлаган ва 3:1 ҳисобида ғолиб бўлган. “Навбаҳор” “Бунёдкор”ни илк бор 2011 йилги мавсумда мағлубиятга учратган. Ўшанда наманганликлар ягона гол эвазига уч очко эгасига айланишган. Юқорида биринчи даврадаги натижани ёзиб ўтдик ва бу “Навбаҳор”нинг “Бунёдкор” устидан қозонган энг йирик ғалабаси ҳисобланади. Лекин “Бунёдкор”да бунга ўхшаш йирик ҳисобдаги ғалабадан иккита бор. 6:0 (2009) ва 5:0 (2013) ҳисобларида наманганликларни тор-мор келтирган.
“Бунёдкор”даги вазият қандай? Александр Крестинин шогирдлари 31 очко билан 8-ўринда туришибди. Бу жамоа жорий мавсумни энг юқори ўрин сифатида 6-ўринда тугатиши мумкин, ундан баланд эмас. Бунинг учун олдиндаги учала учрашувда ютиши керак. Аммо очколар бой берилса, 8-ўриндан маҳрум бўлиши ҳам мумкин. “Навбаҳор” мухлислари қаршисида фақат ва фақат ғалаба қозонишга мажбур. Наманганликлар ўз уйида бу рақибига охирги бор 2019 йили мағлуб бўлган, ўшанда 2:3 ҳисоби кузатилган.
Бабаян жамоаси медаллар учун курашда охиригача курашишини айтган. Шуни ҳисобга олганда, “Навбаҳор” ғалаба билан ишқибозларини қувонтирмаса бўлмайди. Агар “Бунёдкор” қандайдир каромат кўрсатмаса, мезбонларнинг имконияти катта.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар