Хабарингиз бор, 13 июндан эътиборан Суперлиганинг 2020 йилги мавсуми давом эттирилади. Айнан шу куни "Бунёдкор" ўз майдонида "Қўқон-1912" жамоасини қабул қилади.

Маълумки, коронавирус пандемияси сабабли Суперлиганинг барча ўйинлари томошабинларсиз ўтказилади. Аммо "Бунёдкор" ҳам "Боруссия" Менхенгладбах сингари йўл тутишини маълум қилди.

Унга кўра, мухлислар гарчи стадионга ташриф буюра олмасада, ўз сурати билан футболчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларга руҳан далда бўлиш имкониятига эгадирлар.

Бунинг учун мухлислар ўзларининг сифатли фотосуратини тегишли электрон почтага жўнатиши талаб этилади. Клуб эса ушбу суратни чоп этиб, "Бунёдкор" стадионининг жамоа мухлислари учун аталган секторига жойлаштириб чиқади. Шу тариқа футболчиларни нафақат ойнаи жаҳон орқали, балки трибунада ҳам қўллаб туриш имконияти туғилади.

Эслатиб ўтамиз, бундай ўзига хос ишни Менхенгладбахнинг "Боруссия" жамоаси бошлаб берган эди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)