Жаҳон чемпионатидан сўнг икки ўзбек футболчининг нархи кескин ошди
Transfermarkt портали экспертлари 2026 йилги жаҳон чемпионати якунланганидан кейин энг нуфузли мусобақада иштирок этган футболчиларнинг бозор қийматини янгилади.
Янги баҳолаш натижасида Ўзбекистон терма жамоасининг икки ёш ҳимоячиси — Жаҳонгир Ўрозов ва Беҳруз Каримовнинг трансфер қиймати сезиларли даражада кўтарилди.
22 ёшли Ўрозовнинг баҳоси бир зумда 600 минг еврога кўтарилиб, 1,2 миллион еврога етди. Каримов трансфер қийматига эса 650 минг евро қўшиб, 1 миллион евро чегарасини забт этди.
Жами ҳисобда икки футболчининг умумий қиймати 1,25 миллион еврога ошгани қайд этилган.
Мутахассислар Жаҳонгир Ўрозовни ўзбек футболидаги янги авлоднинг энг истиқболли вакилларидан бири сифатида кўришмоқда. 190 сантиметр бўйга эга ҳимоячи ҳаводаги курашларда ишончли ўйнайди, позиция танлашда хато қилмайди ва майдоннинг чуқур қисмидан аниқ узатмалар билан ҳужумни бошлаб бериш қобилияти билан ажралиб туради.
Жорий мавсумда у Самарқанднинг «Динамо» жамоаси сафида 11 ўйин ўтказди ва бир марта сариқ карточка олди.
2026 йилги жаҳон чемпионатида Ўрозов Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳ босқичидаги учала учрашувида ҳам ўйнаб, Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикаси футболчиларига қарши майдонга тушди. Иккита ўйинни асосий таркибда бошлади, яна бирида захирадан майдонга туширилди.
Мундиалда унинг умумий ўйин вақти тахминан 210 дақиқани ташкил этди. У гол ёки голли узатма билан ажралиб турмади ва мусобақани огоҳлантиришларсиз якунлади. Sofascore талқинига кўра, Ўрозовнинг ўртача баҳоси 6,5 баллни ташкил этди.
Беҳруз Каримов жаҳон чемпионатида икки ўйинда майдонга тушиб, жами 180 дақиқа ўйнади. Колумбияга қарши 1:3 ҳисобида якунланган учрашувда у тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Португалияга қарши 0:5 ҳисобида тугаган ўйинда эса ҳимоячи 89-дақиқада алмаштирилди.
Икки ўйин давомида Каримов 15 марта тўпни жамоаси ихтиёрига қайтарди ва 34 марта ердаги яккакурашларда иштирок этди.
Шунингдек, у муваффақиятли дриблинглар сони бўйича Ўзбекистон терма жамоасида етакчига айланди — унинг ҳисобида олти марта рақибни алдаш билан ўтиб кетиш қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, жаҳон чемпионатида ўз салоҳиятини намойиш эта олган ҳар иккки ёш ҳимоячи Европанинг бир қатор клублари эътиборини қозонди ва бугунги кунда музокаралар ўтказаётгани ҳақида маълумотлар бор.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг қимматбаҳо футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳисобланади. 22 ёшли футболчининг трансфер қиймати 50 миллион евро экани қайд этилган.
Кутилмаган янгилик! Ҳусанов суперклуб шартномасига розилик берди!
Тақиқ Ўрозов трансферига таъсир қиладими? ФИФА Россия клубларига трансфер блокини қўймоқчи
Бугун муҳим учрашув! Шомуродов Европадаги юришини бошлайди
Тезкор! Премьер-лига клуби ўзбек футболчисига узоқ муддатли шартнома таклиф қилди
Шомуродов ФИФАдан хушхабар кутяпти
Ёлғон тарқатишни бас қил! Файзуллаевнинг собиқ жамоаси Фабрицио Романони кескин огоҳлантирди

Фикрлар