Тақиқ Ўрозов трансферига таъсир қиладими? ФИФА Россия клубларига трансфер блокини қўймоқчи

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Россиялик футбол клублари янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Бунга солидар тўловлар бўйича юзага келган масалаларни ҳал этишдаги муаммолар сабаб қилиб кўрсатилмоқда. 

14 июль куни ФИФА Грозний шаҳрининг  «Ахмат»  клубига нисбатан санкция қўллади. Клуб ушбу қарорни бекор қилиш мақсадида Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Тўловлар тизимидаги жиддий ўзгаришлар 2022 йил охирида амалга оширилган эди. Ўшанда ФИФА Францияда барча солидар тўловларни марказлаштириш учун махсус клиринг ташкилотини тузди. Энди бундай тўловларни амалга ошириш учун клублар шу ташкилотда алоҳида ҳисоб рақам очиши шарт.

Россия клублари бир неча бор бундай ҳисоб очишга уринган, аммо жаҳондаги сиёсий вазият туфайли Европа молия муассасаларида ҳисоб рақам очиш имкони бўлмагани учун уларга рад жавоблари берилган. Натижада деярли тўрт йил давомида Россия Премьер-лигаси ва биринчи лигаси клублари ушбу тузилма орқали солидар тўловларни амалга оширмаган, шунинг оқибатида катта миқдорда пеня тўпланиб қолган.

2022 йилгача бундай масалаларни клублар ўзаро тўғридан-тўғри келишувлар орқали ҳал қилиши мумкин эди. Кейинги йилларда эса ФИФА Россия юридик шахслари учун ҳисоб очишдаги объектив қийинчиликларни инобатга олган ҳолда қаттиқ чоралар кўришдан тийилиб келди.

Бироқ вазият 2026 йил июлида «Ахмат»га нисбатан санкциялар қўлланилганидан сўнг кескин ўзгарди.

Ўтган ҳафта клублар вакилларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда эҳтимолий хавфлар ва муаммони ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди. Россия футбол иттифоқи (РФИ) жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг ФИФА билан маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Агар яқин вақт ичида келишувга эришилмаса, Россия клублари ёзги трансфер ойнаси давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмаслик хавфига дуч келади. Мамлакатдаги ёзги трансфер ойнаси 11 сентябрга қадар амал қилади.

Охирги пайтда Россия Премьер-лигаси вакили Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозовнинг трансфери устида ишлаётгани ҳақида маълумотлар чиққан эди. Айни пайтда қозонликлар футболчига эгалик қилувчи Самарқанднинг "Динамо" жамоаси билан музокара ўтказмоқда. 

Россия клубларига янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқи қўйилса, бу Ўрозовнинг трансферига таъсир қилиши мумкинми?

Бу масалага Россия футбол иттифоқининг (РФИ) футбол субъектларини рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш ва фаолиятини назорат қилиш департаменти директори Роман Дьяков изоҳ берди.

- Россия клубларига футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича оммавий тақиқлар қўлланилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлгани муносабати билан ФИФА механизми аслида қандай ишлаши ва нега чемпионатимиз учун тизимли хавфлар мавжуд эмаслигини тушунтириб ўтамиз.

Биринчидан, клубларга Европада банк ҳисоб-рақамлари очиш талаб этилмайди. ФИФАнинг клиринг маркази регламентига мувофиқ, клублар комплаенс тартиб-таомилидан ўтади ва бунда амалдаги банк ҳисоб-рақамлари ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этади.

Иккинчидан, ҳеч қандай оммавий трансфер тақиқи мавжуд эмас. Регламентда жамоавий жавобгарлик назарда тутилмаган. Бир клубда юзага келган муаммолар бошқа клубларга ҳеч қандай тарзда таъсир қилмайди, — деди Роман Дьяков. 

Бугун муҳим учрашув! Шомуродов Европадаги юришини бошлайди

Тезкор! Премьер-лига клуби ўзбек футболчисига узоқ муддатли шартнома таклиф қилди

Шомуродов ФИФАдан хушхабар кутяпти

Ёлғон тарқатишни бас қил! Файзуллаевнинг собиқ жамоаси Фабрицио Романони кескин огоҳлантирди

Ўзбекистон терма жамоаси ўйини катта рекорд ўрнатди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!