"Бунёдкор" бош мураббийи "Сўғдиёна"га қарши баҳсдан кейинги матбуот анжуманида: АГМКни ОЧЛ йўлланмаси билан табриклайман

Ўзбекистон Суперлигаси 5-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Сўғдиёна" учрашуви 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Шуҳрат Мақсудов иштирок этди.

"Аввало, ОЧЛ саралаши доирасидаги ўйинда АГМК томонидан қўлга киритилган ажойиб ғалаба билан барчани табриклайман. Кеча дўстим, Миржалол билан ҳам гаплашдик ва уни қутладим. Бу барчамиз учун жуда қувончли хабар. 
Ўйинга келадиган бўлсак, ҳаммангиз кўрдингиз. Ўйин қийин ўтиши олдиндан маълум эди. "Сўғдиёна" ўз-ўзидан бундай натижаларга эришмаяпти.
Биринчи бўлимда ўйинимиз у қадар яхши ўтмади. Футболчилар анча кучли ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, ўйин чиқмади. Иккинчи таймда эса, барчаси бизнинг назоратимизда бўлди.
Барчангизга маълумки, мавсум аввалида 6 та асосий футболчимиз бизни тарк этди. Ҳа, уларнинг ўрнини тўлдириш қийин бўлмоқда. Аммо барчаси секин-аста изига тушиб кетади. Жамоамизга ҳозирда ҳомийлик масаласида яхши ёрдам бўлмоқда. Давралар оралиғида ҳолатни яхшилашга ҳаракат қиламиз. 
Дарвозабонда бир нечта хатолар бўлаётгани тушунарли. Бу - футбол: барча нарса бўлиши мумкин. Бу борада ишлаяпмиз.
Норхонов бош билан яхши ўйнашини билардик. Озгина концентрацияни бой бериб қўйдик. Шунинг учун, Шоҳрузни ҳимоячилар қўйиб юборди ва гол ўтказиб юбордик", - деди Мақсудов. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!