"Бунёдкор" делегацияси Хорватияга йўл олди
Хабар берганимиздек, “Бунёдкор” академиясининг учта ёш тоифасидаги жамоалари Хорватияда бўлиб ўтадиган “Dalmatinko cup” халқаро мусобақасида иштирок этади.
Шу муносабат билан “Бунёдкор” делегацияси Тошкент халқаро аэропортидан Истанбул орқали Хорватияга жўнаб кетди. Тошкент-Истанбул-Дубровник-Сплит йўналиши бўйича парвоз қиладиган “қалдирғочлар” сафар давомида нафақат мусобақада иштирок этади, балки Хорватиянинг машҳур клубларининг академиялари билан ҳам яқиндан танишади. Хусусан, “Динамо” (Загреб) ва “Ҳайдук” (Сплит) жамоаларининг академияларига ташриф орқали уларнинг фаолияти билан яқиндан танишилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида футболи ривожланиш истиқболлари жиҳатидан Ўзбекистонга яқин бўлган Хорватиянинг иш услубини ўрганиш, Хорватиянинг сўнгги ўн йилликда амалга оширган шиддатли ўзгаришлари, академияларида тарбияланган иқтидорли ўйинчилар Англия, Франция, Италия, Испания, Германияда рақобатлашиш даражасига чиққани мисол тариқасида баён қилинган. “Бунёдкор” академияси жамоаларининг “Dalmatinko cup” мусобақасида иштироки, клуб ҳамда академиямиз расмийлари, мураббийларининг машҳур “Динамо”, “Ҳайдук” жамоаларининг академияларига ташрифи президентимизнинг ушбу фармони ижроси йўлида амалга оширилаётган ишлардан навбатдагиси дейиш мумкин.
“Бунёдкор” матбуот хизмати.
Фикрлар