"Бунёдкор" футболчиси: Ўзбекистон учун дуодамиз

"Бунёдкор"нинг тожикистонлик легионери Давронжон Эргашев карантин сабабли айни кунларда ўз уйида бўлиб турибди. Клуб матбуот хизмати унинг фикрлари билан қизиқди.

"Ўзбекистонда карантин эълон қилинганидан кейин юртимга, Тожикистонга келганман. Ҳозирда Хўжанд шаҳрида оила аъзоларим билан биргаман. Айтишим керак, кутилмаган таътил сабабли формани йўқотиб қўймаслик мақсадида кунига икки маҳалдан машғулот ўтказяпман. Эрталаб фитнесс залида шуғулланаётган бўлсам, тушдан кейин собиқ жамоадошларим билан бирга машғулотларда қатнашяпман. Гарчи таътилда бўлса-да, жим ўтирганим йўқ.

Албатта мураббийлар билан алоқада бўлиб турибман. Айнан уларнинг кўрсатмалари асосида машғулот ўтказяпман.

Яратганга шукур, Тожикистонда вазият яхши. Ҳаёт доимгидек давом этмоқда. Ҳукумат томонидан коронавирусга қарши барча эҳтиёт чоралари кўрилган. Биз қардош халқлармиз. Шунинг учун доим Ўзбекистонда ҳам вазият тезроқ яхши томонга ўнгланиши тарафдоримиз. Бунинг учун дуодамиз. Хусусан, ҳар куни ота-онам билан Ўзбекистондаги ҳаёт одатдаги тарзга қайтиши учун дуо қиляпмиз. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади.

Тожикистонда миллий чемпионат ўйинлари бошланди. Албатта ўйинларни кузатиб боряпман, фақат ойнаи жаҳон орқали. Боиси, учрашувлар ҳозирча мухлисларсиз ўтказилмоқда. Клубларда бир қатор ўзбекистонлик футболчилар ўйнаётганидан ҳам хабарим бор. Хусусан, ўтган мавсум "Бунёдкор"да тўп сурган Санжар Рихсибоев ҳозир "Хўжанд" шарафини ҳимоя қилмоқда. Айтишим керак, жамоа ишқибозлари Санжар ҳақида илиқ фикрларни билдирмоқда. Зеро, у бунга муносиб, чунки Санжар қисқа вақт ичида ўзини кўрсата олди ва ҳақли равишда мухлислар меҳрини қозонди. Худо хоҳласа Рихсибоев чиройли ўйинлари билан яна ишқибозларни хурсанд қилади, деган умиддаман.

"Бунёдкор"да эътиборимни тортган асосий жиҳат шу бўлдики, жамоада барча, мураббийлар, футболчилар ва бошқалар, ҳамма бир-бирини қаттиқ ҳурмат қилар экан. Жамоа бир оила бўлиши керак дейишадику, "Бунёдкор" ҳақиқатдан бир оила. Рости, тезроқ карантин тугаса-ю, жамоа қайтсам, дейман", - деди Эргашев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!