
"Бунёдкор" ҳали ўз майдонида "Навбаҳор"га ютқазмаган!
Coca-Cola Суперлиганинг 8-турида марказий учрашув сифатида эътироф этилаётган “Бунёдкор” ҳамда “Навбаҳор” ўртасидаги ўйинга бўлган қизиқиш катта. Ҳозиргача иккала клубнинг ҳисобида тўрттадан ғалаба бор. Ўз навбатида бош мураббийлар – Вадим Абрамов ва Андрей Канчельскис ҳужумкор ўйинни ёқтиришади. Шундай экан, бўлажак учрашувни ҳозирданоқ кескин курашлар остида ва мухлисларга ёқадиган даражада ўтишини тахмин қилиш қийин эмас.
Ўйин олдидан қайси жамоанинг ғалаба учун имконияти юқори эканлиги ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз, ҳаммасини ўйин кўрсатиб беради. Лекин статистикага қизиқувчиларга шуни айтмоқчимизки, “Бунёдкор” ҳамда “Навбаҳор” клублари шу кунга қадар 28 марта тўқнаш келишган ва бу борада катта устунлик “қалдирғочлар” тарафида. Улар 19 бор ғолиб чиқишган, наманганликлар ҳисобида эса 4 та ғалаба бор. Шунингдек, 5 та баҳсда дуранг кузатилган.
Қизиғи шундаки, “Бунёдкор” майдонида ўтказилган баҳсларда “Навбаҳор” бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган. Фақат икки марта – 2017 (2:2) ва 2016 (1:1) йилги мавсумларда “Бунёдкор” майдонидан бир очко билан қайтган холос.
Ўтган йили эса Тошкентда ва Наманганда кечган учрашувларда “Бунёдкор”нинг қўли баланд келган. Шундай экан, 7 июль оқшомида ўтказиладиган баҳсда Канчельскис жамоаси қора анъанасига барҳам бера оладими ёки “Бунёдкор” “Навбаҳор”га қарши ғалабали сериясини яна давом эттирадими?
Comments