"Бунёдкор" мураббийи: Мени қизиқтираётгани бизга қарши учрашувда "Турон"нинг қайси таркиби ўйнайди?

Фарғонада давом этаётган «Ҳоким кубоги»да 2-тур ўйинлари старт олди. "Бунёдкор" 2-турни «Турон-2»га қарши ўтказади. Баҳс олдидан клуб матбуот хизмати жамоа мураббийи Марат Мифтахуддиновнинг фикрларини тақдим этди.

- «Турон-2»га қарши ўйинга режа асосида тайёргарлик кўрдик, ҳаммаси жойида. Ўйлайманки, руҳий томондан ҳам муаммолар бўлмайди. Биринчи баҳсдан кейин йигитлар тўғри хулоса чиқарган ва 1-турдаги хатоларни такрорламаймиз. Таркибда муаммоларимиз йўқ, учрашувга ҳамма тайёр! Мусобақада натижа қайд этишдан ташқари, мавсумга тайёргарликни ҳам давом эттиряпмиз. Хусусан, бугун икки маҳал машғулот ўтказдик. Тўғри, ҳар қандай мураббий ўзи қатнашаётган турнирда ғолиб бўлишни истайди, бироқ ҳали мавсум бошланмаган экан, унга тайёргарликни унутмаслик шарт! Шунинг учун биз иккала йўлдан ҳам кетяпмиз.

Мени қизиқтираётгани бизга қарши «Турон»нинг қайси таркиби ўйнайди? Аралашми ёки номи билан «Турон-2»ми? Аслида бизга рақибимиз сафида тажрибали футболчилар ҳаракат қилгани маъқул. Зеро, йигитлар тажрибали рақибга қарши ўз-ўзидан жиддий кайфиятда майдонга чиқади. Табиийки, рақиб ҳам «Бунёдкор»дек жамоа билан бўладиган беллашувда борини бериб тўп тепади. У хоҳ асосий таркиб бўлсин, хоҳ аралаш, бунинг аҳамияти йўқ. Натижада мухлислар чиройли футбол гувоҳига айланади, - деди Марат Мифтахуддинов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!