«Бунёдкор» мураббийларни бир жойга йиғди ва режаралар муҳокама қилинди

Бугун «Бунёдкор» мажлислар залида клуб директори Улуғбек Мирзаев ва мусобақаларда иштирок этадиган жамоаларнинг мураббийлари иштирокида мавсум олдидан йиғилиш ўтказилди.

Таъкидлаганимиздек, йиғилишда «Бунёдкор»нинг ПФЛ ва ТФА биринчиликларида иштирок этадиган жамоаларининг мураббийлари қатнашди. Хусусан, Мурод Отажонов, Темур Бобохонов, Рустам Забиров, Ринат Мифтахуддинов, Миркамол Қосимов ва Абдуҳамид Қодиров. Йиғилишда бир қатор масалалар - хусусан, энг асосий масала, иқтидорли ўйинчиларни занжир услубида энг пастдан бош жамоага етказиб бериш тизими кўриб чиқилди. Жумладан, барча мураббийлар ўзаро ҳамжиҳатликда, бир тизим асосида иш олиб бориши, иқтидорли футболчиларни ўзидан юқори турувчи жамоага таклиф қилиши, мураббийлар танланган ўйинчини кузатиши, кўрикдан ўтказиши ва бу орқали босқичма-босқич асосий таркибнинг нозик чизиқлари академия тарбияланувчилари билан тўлдирилиши бўйича мавзу очиқ ҳамда самимий кайфиятдаги муҳокама қилинди. Якунда бу каби йиғилиш ойда бир марта ўтказилиб, олиб борилаётган ишлар кўриб чиқилиши, мураббийларнинг ҳисоботи тингланиши келишиб олинди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!