“Бунёдкор”да Хорватия футболи тажрибаси асосида иш олиб борилади
“Бунёдкор” клуби сўнгги пайтда Хорватия футболи билан яқиндан ҳамкорлик қилишни бошлаган. Қисқа вақт ичида томонлар бир нечта амалий тадбирларни рўёбга чиқаришга улгуришганлиги ҳам кўпчиликка маълум. Олдинда режалаштирилган яна қатор янги лойиҳалар мавжуд. Шундай ўзаро истиқболли дастурлар доирасида юртимизга Хорватия делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси, “Бунёдкор” футбол клуби президенти Меҳриддин Абдуллаев Хорватия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Рефик Шабанович, ўтмишда таниқли футболчилар бўлган, ҳозирда эса футбол мутасаддилари ҳамда мамлакат савдо-саноат палатаси вакиллари саналмиш Ивица Пирич ва Владимир Рибич, халқаро юрист Марко Бекавац-Басич, мутахассис Анте Габрилолардан иборат меҳмонлар делегациясини қабул қилди.
Учрашув кун тартибидан юртимизда футболни янада ривожлантириш, жумладан, “Бунёдкор” футбол клуби, унинг тасарруфидаги академия фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш мавзусидаги ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш ва малакали тренерларни жалб қилиш, хорватиялик сармоядорларнинг республикамиз ёқилғи-энергетика соҳасига сармояларини жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги музокаралар ҳам ўрин олди.
“Жаноб Меҳриддин Абдуллаев, авваламбор, бизни олий даражада кутиб олганингиз учун Сизга ўзимизнинг чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Яқинда “Бунёдкор”нинг учта ёш жамоаси Сплит шаҳрида ташкиллаштирилган халқаро Далматинко кубогида муносиб ва муваффақиятли қатнашиб қайтишди. Уч ярим мингдан ортиқ иштирокчилар тўп сурган беллашувларда ёш футболчиларингиз жуда ҳам мазмунли ўйинлар кўрсатишиб, кўплаб маҳаллий мутахассисларда ижобий таассуротлар қолдиришди. Бу юртингизда иқтидорли спортчилар етарлича эканлигини, Ўзбекистон ҳукумати болалар-ўсмирлар футболига алоҳида катта эътибор қаратаётганини яққол намоён этди”, - деди элчи Рефик Шабанович.
Шундан сўнг, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси, “Бунёдкор” ФК президенти сўз олиб, эртанги кунимиз вакилларига яқиндан ғамхўрлик кўрсатиш сиёсати “Бунёдкор” футбол клубида ҳам энг юқори даражада бўлиши учун биз ҳар доим изланишдамиз. Ўзбекистонда истеъдодли футболчилар жуда кўп. Уларнинг келажаги порлоқ бўлиши учун, уларнинг маҳоратлари келгусида халқаро талабларга албатта мос бўлиши учун, вақти келиб, улар улғайиб, Европа клубларида тўп суришлари ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилишлари учун биз сизлар билан, яъни Хорватия футболи билан ҳамкорлик қилишни мақсадга мувофиқ деб билдик”, - деди.
Шу билан бирга, хорватиялик меҳмонларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ умумий фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди. Икки томонлама ҳамкорлик доирасида кечган қизғин музокаралар натижасига кўра, тарафлар бир қанча йўналишларда келишувга эришишди.
Болалар-ўсмирлар футболи соҳасида тажриба алмашиш, ўзбекистонлик ёш мураббийларнинг Хорватияга амалиёт ўташга юборилиши, европалик малакали мутахассисларнинг юртимизга келиб, семинар ва тренинглар ташкил этишлари, ўз иш услуби ва усуллари билан ўртоқлашишлари, бизда ва уларда уюштириладиган мусобақаларда ўзбекистонлик ва хорватиялик жамоаларнинг қатнашишлари шулар жумласидандир.
Мазкур ҳамкорликнинг навбатдаги амалий давоми сифатида “Бунёдкор” U-21 ёшлар жамоаси 18-30 июль кунлари ёзги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун Загреб шаҳрига жўнаб кетишга тайёргарлик кўраётганини келтириш мумкин. Йиғин доирасида “қалдирғочлар” маҳаллий клублар билан 4-5та ўртоқлик ўйинларида ҳам майдонга тушишади.
Фикрлар