"Бунёдкор"дан кетиб қолиши, про лигага қандай сабабга кўра кўчиб ўтгани ва ўртадаги тафовут ҳақида дарвозабон нима дейди?

Ўтган мавсумда “Бунёдкор” дарвозасини ҳимоя қилган Равшан Ягудин бу йил клубини ўзгартиришга аҳд қилди.

Эшитган бўлсангиз, у Муборакнинг “Машъал” жамоасига ўтиб кетди. Яъни, Равшан Ягудин Суперлигадан тўғри про лигага равона бўлди. Бунинг сабабини билиш мақсадида Sports.uz мухбири дарвозабон билан боғланди.

- Равшан, “Бунёдкор” билан хайрлашиб, “Машъал”дан қўним топишингизни кутмагандик. Бунинг сабаби нима билан боғлиқ?

- “Машъал” клуби яна Суперлигага қайтишни асосий мақсад қилиб олган. Мен бу клубга шунинг учун келганман. “Бунёдкор”га келсак, клубдаги шартномам якунига етганлиги сабабли, “Машъал” билан шартнома тузишга қарор қилдим.

ягудин7_1

- “Бунёдкор”даги фаолиятингиз қандай ўтди? Нимадан қониқдингиз ёки нимадан қониқмадингиз?

- “Бунёдкор” жамоасидаги фаолиятимни ўзим учун яхши ўтди. У ерда ўйин амалиётига эга бўлдим, деб ўйлайман. Шу фурсатдан фойдаланиб, “Бунёдкор” клубига ўз миннатдорлигимни билдириб қоламан.

ягудин2

- Айнан нима учун “Машъал”ни танладингиз?

- Биласизми, олдимда про лигадан 3 та вариант бор эди. Улардан бири эса “Машъал” эди. Натижада таклифлар орасида ўзим учун энг қулайи сифатида “Машъал”нинг таклифини қабул қилишга қарор қилдим.

ягудин5

- Суперлигада ўйнадингиз ва энди про лигадасиз. Иккала лигада тўп суришнинг тафовути каттами?

- Албатта, Суперлига билан про лига ўртасида фарқ бор, деб ҳисоблайман. Бундай вазиятда тажриба ҳам катта роль ўйнайди. Маҳоратли ўйинчилар Суперлигада кўп. Менимча, фарқи шунда.

ягудин

- Суперлигадан таклифлар кутган бўлсангиз керак-а?

- Ҳа, яна Суперлигада фаолият олиб бориш ниятим бор эди. Энди эса йил охиригача “Машъал” билан шартномам бор. Кейинги йили яна Суперлигада иштирок этиш ниятидаман. Умид қиламанки, “Машъал” жамоаси билан Суперлигага қайтаман.

ягудин6

- Про лигада рақобат қандай? “Машъал”да ўзингизни биринчи рақамли посбон сифатида ҳис қиляпсизми?

- Рақобат бор жойда ўсиш бор. Бу ердаги чемпионатга келадиган бўлсак, про лига энди бошланди. Ўйлайманки, ҳаммасини вақт кўрсатади.

ягудин4

- Лекин “Бухоро”га қарши илк турда сиз захирада қолдирилдингиз. Ўйин эса дуранг билан тугади...

- Айтиб ўтганимдек, чемпионат эндигина бошланди. Муҳими, жамоамиз ҳар бир учрашувда ғалаба қозонса бўлди. “Бухоро”га қарши беллашув эса юқори савияда ўтди.

ягудин3

- Умуман олганда, тажрибангизни ошириш учун “Машъал” қулай вариант деб ҳисоблаяпсизми?

- Сизга юқорида айтганимдек, “Машъал” клубини Суперлигага қайтаришни мақсад қилганман. Бу эса менга тажриба орттиришимда ҳам ҳар томонлама қулай бўлади.

ягудин1

- “Бунёдкор”ни кўплаб етакчилар тарк этишди. Собиқ клубингизни Суперлигада қандай тасаввур қиляпсиз?

- “Бунёдкор” клуби ўзидан ёш футболчиларни чиқаради. Жамоада катта ўзгаришлар деярли йўқ. Барибир “Бунёдкор” жамоасини янги мавсумда юқори ўринлар учун курашади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!