"Бунёдкор"нинг Миржалол Қосимов жамоасига "тиши" ўтмай қолган...ми?

Суперлиганинг 2-тур беллашувлари давом этяпти. 10 март куни бошланган ўйинлар 13 мартда ОКМК – “Бунёдкор” қарама-қаршилигидан сўнг ниҳоясига етади. Айнан турни якунлаб берадиган мазкур тўқнашув ҳам бошқалар қатори мухлис ва мутахассисларнинг диққат-марказида бўлиб турибди.

Ҳеч кимга сир эмас, ОКМК ва “Бунёдкор” жуда яхши таниш бўлган рақиблар. Бу клублардан футболчиларнинг кўчиб ўтишларига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Яъни, ҳар иккала жамоада собиқ ўйинчилари тўп суришяпти. Шунингдек, ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимовни илгари “Бунёдкор”ни самарали бошқарганини унутмаган бўлсангиз керак.

бунёдкор янги

Олмалиқликлар ўз номини АГМКдан ОКМКга ўзгартирганидан хабардорсиз. Шу сабабли эндиликда улар ОКМК деб юритилмоқда. Жорий йилги чемпионатни мазкур клуб муваффақиятли бошлади. “Пахтакор” стадионида “Сурхон”га қарши бўлиб ўтган учрашувда ОКМК 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ойбек Рустамов, Шохруҳ Гадоев ва Хуршид Ғиёсов томонидан урилган голлар ОКМКга уч очкони тақдим этди. “Бунёдкор” эса Зоминда “Сўғдиёна”ни 0:1 ҳисобида енгиб қайтди. Умид Султоновнинг киритган ягона голи “Бунёдкор” жамоасига қимматли ғалабани тортиқ қилди. Шундай қилиб, 2-турда тўқнаш келадиган иккала клуб ҳам чемпионатни ўзлари учун қувонарли тарзда бошлай олдилар. Бироқ 2-турда кимдир албатта очко йўқотишига тўғри келади. Фақат бунга иккаласи ҳам осонликча кўнмаслиги бор гап. Боз устига бу беллашув Тошкент дербиси саналади.

миржалол5

ОКМК ҳамда “Бунёдкор” жамоаларининг чемпионатимиздаги ўзаро ўйинлар статистикасига келсак, шу пайтгача 30 маротаба бир-бирига қарши майдонга тушишган ва навбатдагиси 31-учрашувга айланади. Устунлик “Бунёдкор” тарафини кўрсатиб турибди. Чунки ОКМКда 7 та, “Қалдирғочлар”да эса 16 та ғалаба бор. 7 та беллашувда кучлар тенг келганини қўшимча қилмоқчимиз. ОКМК 31 та, “Бунёдкор” эса 46 та гол урган ва табиийки, бу борадаги устунлик ҳам ўз-ўзидан “Бунёдкор” томонида. Лекин эътиборлиси шундаки, ўзаро беллашувларда охирги пайтларда асосан ОКМКнинг қўли баланд келяпти. “Бунёдкор” охирги бор 2019 йилги мавсумда ОКМКни мағлубиятга учратган. Ўшанда улар Олмалиқда ягона гол эвазига 3 очкони қўлга киритишган. Шундан бери ё дуранг ё ОКМКнинг қўли баланд келяпти. “Бунёдкор” рақибини мағлуб этишнинг имконини топа олмаяпти. Охирги 7 та учрашувнинг 5 тасида олмалиқликлар ғолиб чиқишган ва 2 та ўйинда дуранг қайд этилган.  

Дарвоқе, бўлажак баҳсда “Бунёдкор”да йўқотишлар бор. Жумладан, иқтидорли футболчилар - Абдуллоҳ Омоналиев ва Фарҳод Ўткиров дисквалификция сабабли жамоасига ёрдам бера олмайдилар.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!