"Бургутлар" ярим финал остонасида турибди ёхуд Ўзбекистон Кубоги чорак финали олдидан

Айни пайтда мавсумнинг иккинчи қисми бошланди ва миллий чемпионат баҳсларидан ташқари Ўзбекистон Кубоги мусобақасида ҳам кураш давом эттириляпти. Жумладан, “Андижон” жамоаси Қаршидаги “Марказий” стадионда “Қизилқум”га қарши чорак финал доирасида майдонга тушади.

Июнь ойида ушбу жамоалар чемпионат доирасида Қаршида тўқнаш келишган ва ўшанда жанговар дуранг (3:3) қайд этилгани ёдингизда бўлса керак. Энди ушбу клубларнинг йўллари Ўзбекистон Кубоги чорак финалида яна бир бор кесишмоқда. Маълумки, “Андижон” нимчорак финалда сафарда “Олимпик”ни Рустам Турдимуродовнинг ягона голи эвазига мағлубиятга учратган. “Қизилқум” эса Муборакда “Машъал”га қарши беллашувда қўшимча вақтларда урилган голлар эвазига ғалаба қозониб чорак финалга йўл олган.

Бу жуфтликда ғолиб жамоа ярим финал йўлланмасини қўлга киритади. “Андижон”ни Ўзбекистон Кубоги мусобақасида ҳозиргача энг яхши натижаси чорак финал бўлиб турибди. “Бургутлар” ушбу босқичга бир неча бор етиб келишган. Аммо ҳали ярим финал йўлланмасига эга бўлмаган, бу сафар эса жамоа учун бу борада жуда яхши имконият бор.

“Қизилқум” ҳамда “Андижон” клублари Ўзбекистон Кубогида шу пайгача тўрт маротаба тўқнаш келишган. Барча ўйинлар голларга бой тарзда кечган. Жамоалар илк бор Ўзбекистон Кубогида 2002 йили тўқнашишган. Ўшанда ҳам ҳозиргидек 1\4 финал ўйини бўлиб, унда учрашувлар уй ва сафар тизимида ўтган. 2002 йилнинг 10 апрель санасида Андижонда бўлиб ўтган беллашувда 1:4 ҳисобида рақибга имконият бой берилган. Ўша йилнинг 1 май санасида сафардаги ўйинда “Қизилқум” 5:0 ҳисобида ғолиб чиққан.

Жамоаларнинг Кубокдаги кейинги ўйини 2016 йилда юз берди. Ўшанда 1\8 финал босқичида рўбаро келганлар. Биринчи беллашув 25 мартда ўтказилган ва “Қизилқум” майдонидаги баҳсда 2:2 натижаси кузатилган. 21 май санасида эса Андижонда жавоб учрашуви ўтказилган. Унда мезбонлар 3:1 ҳисобида устунликка эришиб, кейинги босқич масаласини ҳал қилган.

Бу сафар эса жамоалар Кубок мусобақасида учинчи бор тўқнаш келадилар. 

Эслатиб ўтамиз, “Қизилқум” – “Андижон” учрашуви бугун Қаршидаги “Марказий” стадионда соат 20:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!