"Бургутлар"да йўқотишлар, "Лочинлар"да дуранглар серияси - "Андижон" - "Навбаҳор" превьюси
Хабарингиз бор, эртага Суперлиганинг 13-туридан ўрин олган "Андижон" - "Навбаҳор" бахси бўлиб ўтади. Иккала жамоа учун хам навбатдаги 3 очко сув ва хаводек зарур. Бу ўйин навбатдаги "водий дербиси" бўлишидан ташқари ҳам бошқа муҳим факторларга эга. Хусусан, хозирда иккала жамоада хам натижалар хавас қиларли даражада эмас.
Самвел Бабаян бошқарувидаги "лочинлар" гарчи юлдузли таркибга эга бўлса-да, охирги 3 та ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда. Наманганликлар бу давр оралиғида ҳаттоки гол уришни хам уддалай олишмаябди. Натижада чемпионлик учун курашаётган клуб муҳим ва қимматли очколарни бой берди. Аммо клуб мухлисларини хурсанд қиладиган хабар хам бор. Рақибига нисбатан олсак, "Навбаҳор"да хамма сафда ва соғлом.
"Андижон"да хам ишлар у қадар жойида эмас. Жамоа бу мавсум стабил ўйин кўрсата олмаябди. Бир қараса мухлислари яратган супер атмосфера остида ғалабали ўйинлар намойиш этса, бошқа пайт рақибларига "Робин Гуд" вазифасини бажариб беради. Хомяков шогирдлари эртанги принципиал "жанг"да борларини беришлари табиий.
Биринчидан, учрашув "Бобур Арена"да бўлса, иккинчидан майдондаги футболчилар дисквалификация сабаб баҳсни ўтказиб юборадиган қолган шерикларини ўрнини билинтирмасликка ҳаракат қилади. Бундай дейишимизга сабаб бор, албатта. Негаки, андижонликлар эртанги баҳсда бош мураббий Александр Хомяков, мураббийлар Азиз Каримов ва Элёр Рахматуллаев, шунингдек, футболчилар Исломбек Маматказин ва Сардорбек Азимовларниниг хизматларидан фойдалана олмайди. Шундай бўлса-да Фарход Сохибжонов, Мухаммадкарим Тоиров ва жорий мавсум кашфиётига айланиб улгурган Бектемир Абдуманноновлар ўзларини кўрсатиб, яна катта сахнага чиқишларини кутса бўлади.
Ўзаро ўйинлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, иккала жамоа ҳозирга қадар Ўзбекистон чемпионатлари доирасида 54 бор куч синашган. 27 учрашувда "Навбахор"нинг қўли баланд келган бўлса, яна 12 учрашув "Андижон" фойдасига хал бўлган. Қолган 15 учрашув дуранг натижа билан якунланган. Тўплар нисбати - 51:77, наманганликлар фойдасига. Ўтган йили Наманганда кечган 1-даврадаги учрашувда мезбонлар 1:0 хисобида зафар қучган бўлса, 2-даврада 2:1 хисоби қайд этилиб, унда "бургутлар"нинг қўли баланд келган. Шунингдек, бу йил хисобидан жамоаларнинг йўллари Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичида хам кесишган ва унда 2:1 натижаси қайд этилган бўлиб, Самвел Бабаян шогирдлари ғалаба қозонганди.
"Андижон" ва "Навбахор" жамоалари ўртасидаги "оловли" тўқнашув 26 июнь куни соат 20:00 да "Бобур Арена"да старт олади.
Ҳумоюнмирзо Эргашев
Фикрлар