Лионель Месси янги клуб танлади! Трансфер январда
Кутилмаган бурилиш
АҚШнинг «Интер Майами» клубида тўп тепаётган Аргентина терма жамоаси юлдузи Лионель Месси 2027 йил январидан Росариодаги «Ньюэллс Олд Бойз» сафида тўп суриши мумкин.
- Бу мавзуни биринчи марта Estadio 3 дастурида кўтарган эдик: Лионель Месси ҳеч қачон «Ньюэллс Олд Бойз»га ўтишга бу қадар яқин бўлмаган! Бу трансфер 2027 йил январ ойида амалга ошиши эҳтимолдан холи эмас», — дея ёзган журналист Гонсало Кальвиджони.
Месси 2023 йил ёзидан буён «Интер Майами» шарафини ҳимоя қилмоқда ва клуб тарихи бўйича энг яхши тўпурар ҳамда энг кўп голли узатма муаллифига айланган. Унинг ҳисобида жамоа сафидаги 122 расмий учрашувда 106 та гол мавжуд. 2025 йилги мавсумда у бир йилда энг кўп гол урган футболчи сифатида клуб рекордини янгилаб, барча мусобақаларда жами 43 та тўп киритди.
АҚШда ўйнаётган даврида Месси MLS тарихида ҳам бир қатор рекордларни ўрнатди. У бир ўйинда энг кўп голли узатма (5 та) ва энг кўп гол+пас (6 та) қайд этган футболчига айланди. Шунингдек, лига тарихида мунтазам чемпионатларда 100 та голли ҳаракат (гол ёки пас) чегарасини энг тез — 64 ўйинда забт этган.
Аргентиналик футболчи MLS тарихида илк бор бешта ўйин кетма-кет дубль қайд этган ўйинчи бўлди. У шунингдек, уч мавсум қаторидан камида 15 тадан голли узатма берган ягона футболчи сифатида қайд этилган. 2025 йилги плей-офф баҳсларида эса бир мавсум доирасида энг кўп голли ҳаракат (15 та: 6 гол ва 9 голли пас) рекордини ўрнатди.
2024 ва 2025 йилларда Месси MLSнинг энг қимматли ўйинчиси деб топилди. Бундан аввал лига тарихида ҳеч ким бу мукофотни икки мавсум кетма-кет қўлга киритмаган эди. Шунингдек, у 2025 йилги мунтазам чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айланиб, 29 та гол урди.
«Интер Майами» таркибида Месси Кубок лиг, Supporters’ Shield, MLS Кубоги, Чемпионлар кубоги ва Шарқий конференция чемпионлигини қўлга киритди. Унинг Америка клуби билан амалдаги шартномаси 2028 йил охиригача мўлжалланган.

Изоҳлар (0)