"Бутун дунё Намангандаги ўйинни трансляция қилади, бизнинг ўйинчиларимиз юлдузлардан кам эмас" - Самвел Бабаян ОЧЛдаги қуръа ва Неймар ҳақида интервью берди
Бугун Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, Наманганнинг “Навбаҳор” клуби “D” гуруҳида “Ал-Ҳилол” (Саудия Арабистони), “Нассажи Мазандаран” (Эрон) ва “Мумбай Сити” (Ҳиндистон”)га қарши ўйнайди.
ОЧЛ гуруҳ босқичидаги рақиблар маълум бўлгач, Sports.uz журналисти “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян билан боғланди.
- Самвел Вячеславович, “Навбаҳор”нинг Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги рақиблари ҳам маълум бўлди. “Ал-Ҳилол”, “Нассажи” ва “Мумбай Сити”. Қуръадан олдин қандай рақибларни кутгандингиз?
- Тўғриси, гуруҳ босқичига чиққанимиздан кейин бизга ким билан ўйнашнинг фарқи йўқ. Нимага деганда, Осиё Чемпионлар лигасида кучсиз рақиблар бўлмайди. Ҳаммаси ўзига яраша кучли. Қайтанга, гуруҳимиз янада кучлироқ бўлса, Наманганда футбол байрамини уюштирмоқчимиз. Асосийси, Наманганга ОЧЛ мадҳиясини олиб келдик. Бу бизнинг мавсум олдидан асосий мақсадларимиздан бири бўлганди. Табиийки, ҳар бир учрашувда наманганлик мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
- Гуруҳ босқичи аниқ бўлгач, “Ал-Ҳилол” ва Неймар асосий мавзуга айланди. Чунки “Ал-Ҳилол” ўз сафига жаҳон футболи юлдузларини қўшиб олаётганини ҳамма кўриб турибди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Наманганга Неймар бошчилигидаги юлдузларнинг келиши ҳозирданоқ шов-шув уйғота бошлади. “Навбаҳор” ОЧЛдаги илк турни сафарда “Ал-Ҳилол”га қарши ўтказади. Сизда ҳам бош мураббий сифатида ўзгача ҳиссиётлар пайдо бўляптими?
- “Ал-Ҳилол”га тушганимиздан кейин ҳар хил фикрлар бўлиши мумкин. Лекин шуни айта оламанки, уларга ҳам босим бўлади. Чунки ОЧЛдаги биринчи ўйин ва ўз уйида ўйнайди. Албатта, жамоалар натижа қилиш учун курашадилар. Ҳа, Наманганга Неймарнинг келиши мумкинлиги шов-шув бўляпти. Лекин нафақат Наманганга, балки юртимизга Неймар, Бензема каби юлдузларнинг келиши Ўзбекистон футболига ривожланиши учун яхши бўлади. Улар нафақат Саудия, балки бутун Осиё футболини реклама қилишяпти. Бутун дунё Намангандаги ўйинни трансляция қилади. Бундай юлдузларнинг Осиёга келишидан унумли фойдаланишимиз лозим. Биз бунгача ҳам кучли футболчиларга қарши ўйнаганмиз. Бунга кореялик Сонг мисол. Терма жамоаларимиз ўзаро учрашишганида Даврон Ҳошимов ўз қанотида Сонгни шунақанги “ёпганки”, кейин чап қанотдан ўнг қанотга ўтишга мажбур бўлган. Бизнинг ўйинчиларимиз юлдузлардан кам эмас. Уларга қарши тайёргарлик кўрамиз. Бу – футбол.
- Биринчи вазифани уддаладингиз ва “Навбаҳор”ни ОЧЛ гуруҳ босқичига олиб чиқдингиз. Иккинчи вазифа гуруҳдан чиқиш...
- Ҳа, мақсадимиз босқичма-босқич ва гуруҳдан чиқиш.
- ОЧЛ плей-офф ўйинида “Ал-Вакра” таслим этилгач, елкангиздан тоғ ағдарилгандек бўлдими ва ОЧЛ илк турида “Ал-Ҳилол”га қарши баҳс олдидан ўзгача режалар ва сюрпризларингиз борми?
- Ҳа, режа қилганмиз. Уларда кучли жамоа ва кучли футболчилар бор. Рақиб сафидаги 2-3 та футболчи Австралия терма жамоасининг аъзолари. Қатар терма жамоаси ўйинчилари ҳам бор. Уларнинг кучсиз томонларини ҳам анча ўргангандик. Йигитларимиз ҳужумда фаол ўйнадилар. Қизил карточка бўлгунига қадар ҳам ташаббус биз томонда эди. Режамиз бўйича прессингда ўйнашимиз керак эди. Фаоллигимиз эвазига уларни қоида бузишга ва қизил карточка бўлишига олиб кела олдик. ОЧЛ гуруҳ босқичи ўйинигача ҳали вақт бор. Олдимиздаги режа 26 август куни чемпионат доирасидаги ўйинимиз ва шу ҳақида ўйлаяпмиз. Ҳозир барча ишимиз, меҳнатимиз ва кучимиз чемпионатга қаратилган.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар
Наманган халки буни кутмокда