"Бухоро" бош директори: "Бир-икки кун ичида Норхонов масаласини ҳал қиламиз"

“Бухоро” клуби иккинчи даврага тайёргарликни Тожикистонда олиб бораётганидан хабарингиз бўлса керак.

Биринчи даврада натижалар кутилганидек бўлмади. Шу боис селекция масаласида ҳам жамоада ўзгаришлар бор. Sports.uz журналисти Тожикистонда “Бухоро” бош директори Ўткир Қодиров билан учрашиб, клубдаги ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашди.

- Аввало, “Бухоро” жамоасининг ёзги тайёргарлиги ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

- Ҳа, биз жамоамизга яхши шароитларни яратиб бериш мақсадида Тожикистонда йиғин ташкил қилдик. Жамоамиз аъзолари ҳам бу ердаги шароит ва имкониятлардан мамнунлар. Мақсадимиз иккинчи даврага пухта тайёргарлик кўриш. Куни кеча “Хўжанд” жамоаси билан ўртоқлик учрашувида ўйнадик. Бош мураббийимиз Улуғбек Бақоев ўртоқлик ўйинлари орқали футболчиларнинг имкониятларини кўриб оляпти ва уларнинг ҳаракатлари маъқул келяпти. Ҳозирда ҳаммаси яхши, режа бўйича давом этяпти.

бухоро11_1

- Таркибга янги ўйинчилар ҳам қўшилмоқда. Шу сабабли селекция борасида ҳам маълумот берсангиз.

- Селекция ишларини ҳам олиб боряпмиз. Бир қатор футболчилар билан музокаралар давом этяпти. Ҳозирда “Пахтакор”дан ва “Насаф”дан таклиф қилинган ўйинчилар билан шартномалар имзоланди. Шунингдек, икки нафар хорватиялик легионерлар ҳам келган. Улар ҳам энди “Бухоро” шарафини ҳимоя қиладилар, биз легионерлар билан ҳам шартнома туздик. “Металлург”дан Асилек Қаюмов йиғинимизда қатнашяпти. Унинг ҳаракатлари ҳам мураббийларга маъқул тушяпти. Қолаверса, тажрибали ҳужумчи Шохруз Норхонов билан ҳам музокара олиб боряпмиз.

- Ҳа, Норхоновни жамоа йиғинида кўриб турибман. “Навбаҳор”дан уни таклиф қилиш ва музокара қийин кечмаяптими?

- Йўқ, Бақоев ўзи шуғулланяпти. Бир-икки кун ичида Норхонов масаласини ҳам ҳал қиламиз. У бизга керак, умид қиламанки, жамоамизни кучайтира олади.

норхонов

- Шунингдек, Ҳумоюнмирзо Иминов бўйича клубни “Пахтакор”дан қарздорлиги бор эди...

- Йўқ, Иминов бўйича муаммо қолмаган. Биз унинг учун “Пахтакор”га тўланиши керак бўлган маблағни ўтказиб берганмиз. Бу борада муаммо йўқ.

- Иккинчи даврадан нима кутяпсиз?

- Мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишини истаймиз ва бунинг учун бор куч ҳамда имкониятимизни ишга соламиз.

Шуҳратбек Жўраев. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!