"Бухоро" бош мураббийи: Хомяковнинг жамоамизга катта фойдаси тегишига ишонаман

Яқинда сайтимиз орқали хабар берганимиздек, Александр Хомяков “Бухоро” клубида маслаҳатчи мураббий лавозимида ишга киришди. Албатта, россиялик мутахассиснинг бухороликлар жамоасига таклиф этилиши бежиз эмас. Боиси, клуб бош мураббийи Жамшид Саидовнинг Хомяков билан илиқ муносабатда эканлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлса ажаб эмас.

Негаки, Саидов-Хомяков тандеми бунга қадар “Машъал”да ва “Андижон”да фаолият олиб борганини яхши биламиз. Энди эса улар “Бухоро”да ҳам биргаликда ишлашади. Шу ўринда Жамшид Саидов Хомяковни клубда иш бошлашига доир масалага тўхталиб ўтди.

-  Биласиз-ку, мен Александр Хомяков билан кўп йиллардан буён бирга ишлаб келаман, - дейди Саидов. - Агар у қаерга борса, мени етаклайди, мен бирор клубда иш бошласам, уни чақираман. Бир-биримизни яхши биламиз, узоқ йиллик қадрдонмиз ва у билан оилавий борди-келдиларимиз ҳам бор. “Бухоро” клубига бош мураббий этиб тайинланганимдан кейин дарҳол Хомяковни ишга таклиф қилдим. Аммо у дам олишим керак, ҳозир бироз эрта деганди. Лекин шуни алоҳида айтишим керакки, Александр Андреевичнинг тажрибаси катта. Мен кўра олмаган жиҳатларни у кўриши мумкин. Шу боис Хомяков ўз маслаҳатлари билан менга ёрдам бериб турса, албатта жамоамизга катта фойдаси тегади. Нима бўлганда ҳам Хомяковни “Бухоро”да ишлашга кўндирдим. Насиб бўлса, энди клубимизда ишни бошлайди.

Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз “Бухоро”ни Суперлигада сақлаб қолиш. Ўзингиз ҳам жамоамизнинг турнир жадвалидаги ҳолатини кўриб турибсиз. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб “Бухоро”ни кучлилар орасида қолдириш ўз-ўзидан асосий вазифамизга айланган. Бу йўлда Хомяков билан бирга ишлаб, қўлимиздан келганича бор куч ва имкониятларимизни ишга солишга ҳаракат қиламиз.

Шундай қилиб, “Бухоро” клубининг мураббийлар штаби бутунлай янгиланди. Собиқ бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев бошчилигидаги штаб истеъфога чиқарилгач, жамоада янги шаклланган мураббийлар жамоаси иш бошлади. Жамшид Саидов эса клубда айнан қайси мутахассислар ишлаётганини очиқлади.

-  Мураббийлар штабига жисмоний тайёргарлик бўйича Аугустин Чирицани олдим. Алексей Рошчин эса дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият олиб боради. Бундан ташқари, яна бир мутахассис Николай Минчев ҳам жамоамизда иш бошлади. У техник директор лавозимини эгаллади. Кўриб турганингиздек, мураббийлар штаби ҳартугул яхши кўринишга келтирилди. Уларнинг тажрибалари катта. Барчамиз биргалашиб, оғир вазиятдан чиқишга ҳаракат қиламиз. Қисқаси, ёнимдаги мураббийлардан кўнглим тўлди. Бунгача ҳам яхши клубларда ишлашган, терма жамоаларда ҳам фаолият кўрсатишган. Етарли билимга эга мутахассислар. Ўзим ҳам улардан кўп нарсани ўрганаман. Барча мураббийларнинг “Бухоро”га ёрдами тегишига ишонаман.

саидов2_1

Айни пайтда чемпионатда юзага келган навбатдаги танаффус туфайли клублар ҳам қисқа муддатли таътилга чиқишганди. “Бухоро” устози эса жамоаси билан қачондан машғулотларни бошлашини айтди.

-  3 августдан машғулотларга киришамиз. Бунгача Қурбон Ҳайити байрами муносабати билан йигитларга дам бергандик. 14 август куни “Бунёдкор”га қарши қолдирилган ўйинни ўйнашимиз керак. Агар режа ўзгармаса, ўша куни расмий учрашувда иштирок этишимиз керак, қолганини вақт кўрсатади.

Дарвоқе, яқинда клубда бир нечта ўйинчиларда коронавирус ҳолати аниқланганди. Ўз ўрнида Жамшид Саидов бугунги кунда ўйинчиларнинг ҳолати қандайлиги борасида хабар берди.

-  Футболчиларимизда коронавирус чиққанидан кейин барчалари карантинга олингани ҳақида айтгандим. Шифокорлар билан гаплашиб турибмиз, уларнинг айтишича, футболчиларимизнинг ҳолати яхши, температураси йўқ. Барибир уларнинг ўзига келиши ва оёққа туриши учун яна бироз вақт керак бўлади. Уларга бирданига “нагрузка” бериб бўлмайди. 3-4 кундан кейин яна бир бор тест топшириб кўрамиз. Кейин шунга қараб ишимизни яна давом эттирамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!