Осиё ўйинлари-2026: Ўзбекистон тарихий медални қўлга киритди, лекин умумий рейтингда пастга шўнғиди
Япониянинг Айчи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган ХХ ёзги Осиё ўйинларининг тўртинчи мусобақа куни якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси умумий медаллар жадвалида 14-ўринга тушиб қолди.
Кун давомида ўзбекистонлик спортчилар тўртта бронза медалини қўлга киритди. Фехтование бўйича терма жамоа ҳисобини Полина Волобуева очди. У рапира бўйича яккалик беллашувларда ярим финалгача етиб бориб, бронза медалига сазовор бўлди.
Яна икки бронза ушу-санда йўналишида қўлга киритилди. 56 килограммгача бўлган вазн тоифасида Сайдулло Абдурашидов ярим финалда Хитой вакилига мағлуб бўлди. 75 килограммгача бўлган вазнда эса Дониёр Турғунбоев ярим финалда Эрон спортчисига ютқазиб, бронза медали билан чекланди.
Киберспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси тарихий натижа қайд этди. Виртуал футбол мусобақаларида иштирок этган Абубакр Эминжонов ва Фаррух Мирҳамидов ярим финалгача етиб боришди ва шу орқали мамлакатга ушбу йўналишдаги илк Осиё ўйинлари медалини тақдим этишди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида жами ўнта медаль мавжуд: битта олтин, тўртта кумуш ва бешта бронза. Бир кун олдин жамоа олти медаль билан 9-ўринни эгаллаб турган эди, энди эса 14-поғонага тушиб қолди. Жадвалда Ўзбекистондан юқорида 12 медаль билан Ҳиндистон жойлашган, орқада эса олти медаль қўлга киритган Макао терма жамоаси бормоқда.

Фикрлар