“Бухоро” легионери “Шўртан”да мотивация йўқ эканини айтди

 

6 май, шанба куни “Бухоро” 9-тур доирасида ўз майдонида Ғузорнинг “Шўртан” жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ушбу баҳс олдин “Бухоро” жамоаси сардори Владимир Баенко ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Сафардаги оғир учрашувдан сўнг барчага бир неча кунлик таътил берилган эди. Бугун барча клуб базасида йиғилади ва эртадан бўлажак учрашувга тайёргарликни бошлаймиз. Биз рақиб қайси жамоа бўлишидан қатъий назар ўта масъулият билан ўша учрашувга ҳозирлик кўрамиз. Бўлажак рақибимиз “Шўртан” ҳам осон рақиб эмас. Улар ушбу мавсумда “Пахтакор” ва “Локомотив”ни мағлуб этишганликлари гапимнинг исботидир. Ўйлайман-ки бу учрашув кескин ва курашларга бой тарзда кечади”, – деди Баенко.

– Бугун ФИФА “Шўртан”га қарши жиддий жазони қўллаганлиги маълум бўлди. Бу йилги чемпионатни қандай ўтказишидан қатъий назар, “Шўртан” янги мавсумни қуйи лигада бошлайди. Айнан мана шу ҳолат “Бухоро” – “Шўртан” учрашувига ўз таъсирини ўтказадими?

– Биласизми, бундай вазиятда икки томонлама эффект бўлиши мумкин. Бири “Бухоро” фойдасига, иккинчиси “Шўртан” фойдасига ишлаши мумкин.

– Нега?

– Бу маълумотдан сўнг “Шўртан” футболчиларида жиддий руҳий тушкунлик пайдо бўлиши мумкин ва бу вазиятда албатта нафақат “Бухоро”, балки қолган жамоалар ҳам фойдаланиб қолишлари мумкин. Иккинчи тарафи ҳам бор, бу ҳолни инобатга олмасдан иложимиз йўқ. “Шўртан” футболчиларида бугунги кунга келиб чемпионатда мотивация қолмади, лекин у ердаги футболчилар профессионал. Ҳеч ким қуйи лигада ўйнашни хохламайди. Олий лигада эса уларнинг ҳаммаси ҳам қўним топа олмасликлари табиий. Шу сабабли улар айнан қолган учрашувлар ортидан ўзларини барча мухлис ва мутахасисларга кўрсатишга интилишади, зеро иккинчи даврада ва келаси мавсумда олий лига жамоаларидан қўним топишни хохлашар экан, уларда бундан бошқа чора йўқ. Мағлуб бўлиш қўрқуви бўлмаган футболчиларга қарши ўйнаш эса барчага қийин бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!