"Бухоро" устози машғулотлар қачондан бошланишини маълум қилди

"Бухоро" жамоаси матбуот хизмати клуб бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев билан суҳбатлашди.

- Aйни дамда бутун дунёда короновирус пандемияси сабаб карантин эълон қилинган, сиз ўз-ўзингизни изоляция қилиш даврини қандай ўтказмоқдасиз?

- Ҳозирги кунда мен ўз оилам билан бирга ўз уйимда, яъни Москва шаҳрида карантин даврини ўтказяпман. Бутун дунё бу офатдан жабр кўряпти, нормал ҳаёт пандемия туфайли бутунлай ўзгариб кетди.

Aфсуски, ҳамма ўз уйида изоляция даврини ўтказиши шарт, нафақат спортчилар балки бошқа касб эгалари ҳам ўз иш фаолиятларини давом эттира олишмаяпти. Нима ҳам қила олардик? Бундан қочиб қутилиб бўлмайди. Жуда ҳам оғир давр.

- Жамоанинг ҳозирги аҳволи ҳақида айтиб ўтсангиз.

- Бугунга келиб, жамоамиз футболчилари 40 кундан бери карантин даврини ўз уйларида ўтказишмоқда. Ўзбекистон Суперлигаси 3-тур учрашувлари якунлангач, яъни 15 мартдан сўнг ҳеч бир жамоа бирга шуғулланмаяпти. Биз ҳам барча футболчиларимизга жавоб бердик. Мураббийлар штаби таътилга чиқди. Легионер футболчиларни ушлаб туришдан маъно йўқ эди, шу сабабли улар ҳам ўз юртларига учиб кетишди. Чунки, чемпионатнинг қайта тикланиши мавҳум эди. Маҳаллий футболчиларга келсак, кўплари Бухоро шаҳрида истиқомат қилишади. Тошкент ва бошқа вилоятларда бўлган футболчиларимиз билан ҳар куни алоқадамиз. Футболчилар ўз формаларини йўқотмаслик учун ўз уйларида индивидуал машқлар олиб боришяпти ва албатта чемпионат қайта бошланишини интизорлик билан кутишяпти.

- Яқин орада Ўзбекистон Суперлигаси давом эттирилади, деган умиддамиз. Aгар бу содир бўлса, жамоа чемпионатга тўлиқ тайёр бўла оладими?

- Чемпионатни давом эттириш учун ҳали конкрет кун белгиланмаган, биз ҳозирча кутиш режимидамиз. Ҳукумат рухсат берса, машғулотларга киришамиз, ҳозирча эса фақат биздан кутиш талаб этилмоқда.

Легионер футболчиларимизнинг барчаси чет элда. Милован Капор Канадада, Aртём Барановский ва Жаба Липартия Украинада, Эдин Юнузович эса Хорватияда. Бу легионерларимиз асосий таркиб футболчилари ҳисобланишади. Aгар чемпионат давом эттирилиб, халқаро авиарейслар йўлга қўйилмаса бу футболчилар сафимизга келиб қўшила олишмайди. Менимча, бу масалани ҳам қандайдир ечимини топиш керак бўлади.

Менга келиб етган хабарларга кўра, 12 майдан кейин, Ўзбекистон футбол ассоциацияси жамоаларга ўз қароргоҳларида умумий машғулотлар олиб бориш учун рухсат берилиши кутилмоқда, унда барча гигиена қоидаларига амал қилиб ёпиқ ҳолда ўтказилиши режалаштириляпти.

Барча футболчилар дам олишдан чарчашди, бундан кейин енг шимариб меҳнат қилиб, кейинги турларга тайёрланиш керак. Тўғри икки ҳафтада жамоа ўз формасига қайтиши қийин масала, лекин нафақат биз, балки бутун дунё чемпионатдаги жамоалари ҳам шу аҳволда. Нолишга ҳожат йўқ! Биз барча ҳаракатларимизни, чемпионат бошидаги хатоларимизни ювиш учун қаттиқ тер тўкамиз. Ишқибозлар олдида айбдормиз, улар жамоадан фақат ғалаба кутишади. Биз ҳали ўз сўзимизни айтишга улгурмадик, омадсиз старт бизни тўхтата олмайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!