Бухорода собиқ вилоят ҳокимлари хотирасига бағишланган халқаро турнир ўтказилади ёхуд тўртта яккакураш туридан иборат супер жанглар ташкил қилинади

  • 3 март, 2021, 22:06
  • 0
  • MMA

Бухоро шаҳри келаётган апрель ойида ўзига хос ажойиб жанг кечасига мезбонлик қилади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 5 апрел куни Бухоро вилоятининг асл фарзандлари, ҳокимлик фаолияти мобайнида Бухоро вилоятининг, юртимизнинг  равнақи учун жонбозлик кўрсатган Ўктам Исаевич Барноев ҳамда Карим Жамолович Камоловнинг ёрқин хотирасига бағишланган халқаро турнир ўтказилади.  

Маълумки, 2020 йил барча дунё аҳлини ларзага солган коронавирус пандемияси ҳукуматимиз ва шифокорларимизнинг жонкуярлиги туфайли бошқа мамлакатларга нисбатан юртимизда енгилроқ ўтган бўлса-да, афсуски, йўқотишларга ҳам учрадик. Айнан, ушбу пандемия сабабли юқорида таъкидлаб ўтган икки ажойиб инсон ҳам бу ёруғ оламни тарк этган эди. Албатта, яхши инсонлар хотираси абадийдир! Шу нуқтаи назардан уларни ёдга олган ҳолда, йирик халқаро турнир ташкил этилмоқда.

Мазкур турнир тўртта яккакураш турларидан ўтказилади ва 16 та жангдан иборат бўлади. Яъни, кикбоксинг, ММА, ушу-саньда, комбат айкидо йўналиши бўйича тўрттадан профессионал жанглар ташкил қилинади.

Турнир ташкилотчиси, Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси вице-президенти, Ўзбекистон ММА ассоциацияси Бухоро вилояти бўлими раиси ҳамда Бухоро қўл жанги федерацияси раҳбари Музаффар Раджабовнинг таъкидлашича, турнир юқори даражада ташкиллаштирилади. Шунингдек, хориждан жангчилар ва юртимизнинг кўзга кўринган спортчилари ушбу жанг кечасида иштирок этади.

Тез орада турнир иштирокчилари ҳақида ва умуман бу борада батафсил маълумот берамиз. Воқеалар ривожини бизда кузатиб боринг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!