"Бухоро"да вазият тарангми? Бош мураббий Ҳаким Фузайлов Шавкат Саломов билан боғлиқ муаммо, ўзининг клубдаги тақдири ва Ҳамид Актамов масаласига муносабат билдирди
Ўз олдига Суперлигага қайтиш вазифасини қўйган “Бухоро” клуби айни пайтда ўз қароргоҳида машғулотларини давом эттирмоқда. Лекин охирги пайтларда жамоа атрофида турли гап-сўзлар тарқалмоқда.
Кимдир кетаркин, кимдир келаркан, қабилидаги ҳолатлар албатта эътиборимизни тортмоқда. Ҳозирча амалдаги бош мураббий Ҳаким Фузайлов “Бухоро” йиғининга ўзи бошчилик қилмоқда.
Шу сабабли тожикистонлик мутахассис билан боғланишни лозим топдик.
- Ҳаким Қаюмович, аввало сизни Қурбон ҳайити билан табриклайман!
- Раҳмат. Сизни ҳам.
- Иккинчи даврага тайёргарлик ишлари қандай кетаётгани ҳақида фикр билдириб ўтсангиз?
- Тайёргарликни бир неча кун олдин – 6 июлдан бошладик. Ҳозирча клубимизда бирор-бир муаммо йўқ. Ишлар режа асосида кетяпти, йигитларнинг ҳолати жойида.
- Таркибда қанақа ўзгаришлар бўлади? Эшитишимча, бир қатор ўйинчилар кетибди...
- Ҳозирча таркибимизда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Табиийки, давралар оралиғида клублардаги футболчиларнинг у ер, бу ерга кетиб қолгани ҳақида гап-сўзлар кўпайишга тушади. Устига-устак Суперлигага чиқиш йўлида ҳаракат қилаётган клубларда бундай ҳолат кўп кузатилади. Бизда эса ҳали ҳеч ким кетгани йўқ. Боз устига раҳбарият билан таркибни кучайтириш масаласида шу кунларда учрашишимиз керак. Ўз навбатида раҳбарият таркибни кучайтириш кераклигини тўғри тушуниб турибди.
- Шунингдек, “Бухоро”да мураббий ўзгариши мумкин, деган гап-сўзларни ҳам эшитяпман. Бу ростми?
- Бундай узунқулоқ гаплар футболда ҳамма вақт кузатиб келинган. Менинг қулоқларимга ҳам клубдан кетишим мумкинлиги хусусидаги миш-мишлар чалингандек бўлди. Байрам муносабати билан юзага келган дам олиш кунларидан сўнг, раҳбарият билан ҳаммасини батафсил келишиб олишга қарор қилганмиз. Ҳозирча бизда ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ. Юқорида айтганимдек, 6 июлдан иккинчи даврага ҳозирлик кўриш ишларини бошлаганмиз. “Бухоро”нинг асосий мақсади таркибни кучайтириш ва Суперлига йўлланмаларидан бири учун курашишдан иборат. Бу биринчи даражали вазифадир.
- Раҳбарият сизга тўлиқ ишонар экан-да?
- Вилоят ҳокими менга ишонч билдиряпти. Бу масалада ҳеч қандай муаммо ё қийинчилик кўзга ташланмаяпти.
- “Бухоро” раҳбарияти Ҳамиджон Актамов билан музокара олиб бораётганини эшитдим...Бундан хабарингиз борми?
- Мен ҳам ўзим хусусидаги шу каби миш-мишларни эшитиб келяпман. Буларнинг ҳаммаси фақат миш-мишлар холос. Ҳамид Актамовнинг клубга қандай вазифада ишлаш учун келишидан бехабарман. Агар шу ҳолат амалда юз берса ҳам бирор-бир ёмон иш бўлади, деб ўйламайман. Юқоридагиларнинг ким ёки кимлар билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида менда бирор-бир маълумот йўқ.
- Мавсумнинг дастлабки қисми ҳақида фикрингизни билмоқчиман. “Бухоро” кўп дуранг ўйнади...
- Чемпионатнинг биринчи қисмида ўйинларнинг роппа-роса тенг даражасини – 13 тасини ўтказиб бўлдик. Иккинчи давра тугаганидан кейин клублар гуруҳларга ажратилар экан, яна қўшимча ўйинлар ўтказилиши кўзда тутилган. Кўриниб турибдики, иккинчи давра дастлабкисига нисбатан оғир кечади. Биринчи даврадаги ўйинларимиз орасида яхшилари ҳам, ўзимиз қониқмаган ва хатоларга йўл қўйган ҳолатлар ҳам кузатилди. Ҳаммасини албатта таҳлил қиламиз. Хатоларни аста-секинлик билан тўғрилаш учун эса бизда ҳозир вақт етарли. Асосийси, жамоа Суперлигага қайтиши учун имкониятни йўқотмаган. Бешта жамоа иккинчи даврадан сўнг плей-оффга йўл олади. Биз эса ҳозирча мусобақа жадвалида 4-ўринни банд этганмиз. Ҳаммаси кўнгилдагидек кечса, албатта кучли бешталикда ҳам қатнашамиз. Ҳозирги вазият мана шундай. Асосий курашлар олдинда.
- Про лигада қайси жамоанинг ўйини сизга кўпроқ ёқяпти?
- Менга мусобақа жадвалида ҳақли равишда пешқадам бўлиб турган “Турон”нинг ўйини кўпроқ маъқул келмоқда. Клуб яхши футболчилардан таркиб топган, ўйини кўнгилдагидек даражада йўлга қўйилган. “Турон” уюшқоқлик билан тўп суряпти. Иккинчи ўринда келаётган “Андижон” ҳам четдан қараганда, ҳар қандай кишида илиқ таассурот қолдирмоқда. Виктор Кумиков клуб ўйинини жуда яхши йўлга қўйишга эришди. Назаримда, айнан юқоридаги иккита жамоада Суперлигага қайтиш учун жуда яхши имконият юзага келган. Улардан ташқари яна 4-5 та жамоа плей-оффда иштирок этиш учун қулай вазият ҳосил қилган.
- Трансфер ойнаси очилган. Клубга янги ўйинчилар қўшиляптими?
- Албатта, таркибни кучайтиришимиз шарт. “Бухоро”нинг молиявий имконияти ўртамиёна эканлигини ҳисобга олган ҳолда таркибни тўлиқ шаклланган, дейиш қийин. Шундай бўлса ҳам имкон қадар иккинчи давра учун бир қанча позицияларга ижрочиларни олиб келишга ҳаракат қиламиз. Юқорида айтиб ўтганимдек, дастлабки даврадаги ўйинларда хатоларимиз кўзга ташланиб қолди. Хатоларни эса тузатиш керак. Энг муҳими, жамоа Суперлига учун курашиш имкониятини ўзида сақлаб турибди.
- Шавкат Саломов “Бухоро”дан кетиши мумкин деб эшитдим...
- Буларнинг бари қуруқ гаплар холос. Аммо у билан боғлиқ муаммо бор. Буни албатта ечишимиз керак бўлади. Унинг “Бухоро”дан кетиши ёки қолишини аста-секинлик билан ўрганамиз.
- Рўзим Аҳмедов ҳам кетиши мумкинми?
- Йўқ, бошқа ўйинчиларимиз каби Рўзим Аҳмедов ҳам клубимизда. Ташкилий ишлар билан боғлиқ режаларни раҳбарият билан аста-секинлик ила ўрганиб чиқмоқчимиз.
- Бухоролик мухлисларга нима дейсиз?
- Клубимиз ишқибозларига сабрли бўлишлари ва “Бухоро”ни охиригача қўллаб-қувватлашда давом этишларини тилаб қоламан. Бухоро ўз жамоасини Суперлигада кўришга ҳақли бўлган вилоятдир. Шундай вилоятнинг вакили эса Суперлигада иштирок этиши керак. Чемпионат тарихига назар ташласангиз, вилоят жамоаси аксар ҳолларда фақат олий лигада қатнашганлигини кўрасиз. Шу боис мана шундай анъана бундан кейин ҳам давом этмоғи мақсадга мувофиқ бўларди.
Фикрлар